«Марсель» ҳимоячиси Патрис Эвра Европа Лигасининг 4-тури доирасида «Витория Гимарайнш»га қарши учрашув бошланмасиданоқ қизил карточка олди. 

L'Equipe нашри журналисти твиттерда маълум қилишича, жамоалар чигалёзди машғулотлари ўтказаётган вақтда майдон четидаги мухлислар Патрисни ҳақоратлай бошлашган. Футболчи ярим соатга яқин вақт бунга эътибор қилмасликка уринган, аммо ўзини ҳақоратлаётганлар томонга қараб чопган. Футболчи мухлислардан бирининг бошига чап оёғи билан зарба берган. У заявкага киритилган футболчилар сафида бўлгани боис, французлар жамоаси ўйинни 10 киши бўлиб бошлаган. Жамоа 80-дақиқада гол ўтказиб юборди ва мағлуб бўлди. Қолаверса, ўйин охирида жамоа дарвозабони Стив Манданда ҳам қизил карточка олиб майдонни тарк этди.

Эвра — Европа Лигаси тарихида ҳакам ҳуштаги чалинишидан олдин қизил карточка олган илк футболчига айланди.

Бу ҳаракати билан у «Манчестер Юнайтед»нинг афсонавий футболчиларидан бири Эрик Кантонани эслатиб юборди. 1995 йили франциялик бу футболчи «Кристал Пелас»га қарши ўйинда майдонни тарк этиш асносида ўзини ҳақоратлаган рақиб жамоа мухлисига кунг-фу усулида зарба берганди.