Бостоннинг Markforged стартапи Siemens, Microsoft Ventures ва Porsche SE компанияларида 30 миллион доллар миқдорида инвестиция олганлигини маълум қилди. Ушбу маблағ билан стартап саноат ишлаб чиқаришида инқилоб қилиш, ва 3D-принтерларни идеал ҳолатга яқинлаштиришга умид қилмоқда, деб ёзади Quartz.

Markforged қисмларни ишлаб чиқаришнинг энг иқтисодий усулларидан бири ҳисобланадиган углерод толаси асосида 3D-босманинг янги усулини биринчи бўлиб тақдим этди. Баъзи ҳолларда улар ҳатто металл аналогларининг ҳам ўрнини боса олади. Жорий йилнинг январь ойида Markforged металл босма учун худди шу технологиядан фойдаланадиган 100 минг доллар қийматидаги қатор тижорат принтерларини чиқариши ҳақида эълон қилди.

«Назарий жиҳатдан, уч ўлчамли босма ҳар қандай шаклдаги объектларни бир зумда яратишга имкон бериши керак, - дейди Markforged бош директори Грег Марк. - Бироқ, амалда, 3D-принтерлар қиммат, секин, бошқаришда мураккаб ва материаллар бўйича чекланган. Улар анъанавий заводдаги ишлаб чиқаришни алмаштира олмади. Лекин биз буни ўзгартиришимиз мумкин».

Яқинда компания турли пластик буюмларни босиб чиқарадиган иккита 3D-принтерни тақдим этди. Грег Марк тижорий уч ўлчамли босма чоп этишни иложи борича соддалаштиришга умид қилмоқда. Siemens, Microsoft ва Porshe компанияларидан олинган маблағлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун ишлатилади, шунда компания 2018 йил охиригача ҳар қандай мижозга «тўлиқ циклли босиб чиқаришни» таклиф қилиши мумкин.

Markforged тизими минглаб принтерларни бирлаштиради, улар бир хилдаги металл маҳсулотларни анъанавий усулга нисбатан 50 баробар тезроқ ва 20 баравар арзон нархда ишлаб чиқара олади. Бу Microsoft Surface, Porsche маҳсулотлари ёки Siemens компаниясининг янги авлод шамол турбиналари учун катта афзалликларга эга бўлиши мумкин.

Бугунги кунга қадар Markforged ўз принтерларини сотиш билан банд эди: буюртма компания ишлаб чиқариши мумкин бўлгандан кўра кўпроқни ташкил этмоқда. Қўшимча инвестициялар Markforged’га олдинга силжиш ва технологияни ривожлантиришига ёрдам беради.