Apple раҳбари Тим Кук iPhone X’ни пулини бўлиб тўлаш йўли билан сотиб олиш ҳар куни бир финжон қаҳва сотиб олишдек гап, деб айтди. У бу ҳақда инвесторлар билан конференц-алоқа вақтида айтган.  

Кук янги смартфон қиммат туришини тан олган, бироқ кўпчилик уни пулини бўлиб тўлаш йўли билан сотиб олаётганини эслатиб ўтди.

Унинг айтишича, минг долларга яқин турадиган iPhone X учун бўлиб-бўлиб пул тўлаш “энг қиммат қаҳвахоналардан бирида бир финжон қаҳва нархидан ҳам арзонга тушишини” айтган.  

“iPhone’ни янгилаш дастурига кўра энг қиммат iPhone учун ҳар ойлик тўлов 56 долларни ташкил қилади. Бу эса кунига 2 доллардан камроқ деганидир. Ваҳоланки, Нью-Йоркда латтенинг (қаҳва ичимлиги тури) нархи 4 долларни ташкил қилади”, деб айтган Кук. 

Шу тариқа, Кукнинг айтишича, ўзига бир финжон қаҳва сотиб олишга ижозат берувчи исталган одам iPhone X сотиб олишга қодир.