Ритейлдаги компаниялар раҳбарларининг аксарияти ўз фаолиятини мерчандайзер сифатида бошлаган. Пабло Исла эса бошқа йўлдан борган: 2005 йилда Inditex бошқаруви тепасига келишдан аввал у юридик таълим олган ва банкда ишлаган. Inditex — Испания компанияси, кийим савдоси билан шуғулланувчи йирик дўконлар тармоғи эгаси. Унинг тўлиқ номи — Industria de Diseño Textil Sociedad Anónima. Компания штаб-квартираси Испаниянинг Артейхо шаҳрида жойлашган. Кўп ритейллар электрон коммерциядан азият чеккан бир пайтда Inditex глобал экспансия ўтказган: бугун унинг саккиз бренди - Zara, Oysho, Massimo Dutti, Bershka, Pull and Bear, Zara Home, Stradivarius ва Uterque - 93 мамлакатда 7300 дўконга эгалик қилади. Исла HBR нашрига ўз компаниясининг рақиблардан нимаси билан ажралиб туриши ҳақида сўзлаб берди.

HBR: Сиз бошқарувга норасмий ёндашув ва йиғилишларни ёқтирмаслигингиз билан машҳурсиз. Буларни четлаб ўтишга қандай муваффақ бўласиз?

Исла: Бизда ясси тузилма бўлиб, расмиятчиликка ҳожат йўқ. Аслини олганда, бизда ҳатто бошқарув қўмитаси ҳам йўқ. Муҳокамалардан сўнг одамларнинг ўзи қарор қабул қилишга ҳақли. Биз жамоавий фаолиятга урғу берамиз ва ходимларимизнинг "юлдузлик касали"га чалинишига йўл қўймаймиз. Ўтган йили 25 минг ходим (160 мингдан) ўз лавозимида юқорилади: бу тадбиркорлик маданиятини қўллаб-қувватлайди.

Фото: Getty Images

Экспертлар Zara'ни "тезкор мода" компанияси, Швециянинг H&M компанияси ва Япониянинг Uniqlo бренди рақиби деб ҳисоблайди. Сиз бундай таққослашга қандай қарайсиз?

Ёрлиқларни ёқтирмайман. Бизнинг бизнес-моделимиз ўзига хос: биз ҳатто бир мавсум доирасидаги ўзгаришларга ҳам мослашамиз. Биз "яқин етказиб берувчи" тизимини қўллаймиз: товарларнинг аксарияти Испания, Португалия ва Марокашда ишлаб чиқарилади ва биз уларни дарҳол етказиб берамиз. Дизайнга кўп эътибор қаратамиз: мижозлар нима хоҳлаётганини тушуниш ва уларга дизайн-ишлаб чиқариш-логистикани ўз ичига олган тизим орқали маҳсулотни етказиш муҳим. Товарлар ҳафтада икки марта дўконларга келиб тушади. Биз технологиялар ва алгоритмлар ёрдамида етказиладиган маҳсулотларни танлаймиз, бироқ дўкон директори ҳам буюртмага ўзгариш киритиш ҳуқуқига эга, у ҳам бренд соҳиби. Бу инсон қиёфасидаги техник тараққиёт.

"Молл"ларнинг ёпилиши сизнинг бизнесингизга таъсир кўрсатадими?

"Молл"лар ҳақида жисмоний дўконлар ҳақида қандай фикрда бўлсам, шундай фикрдаман. Биз жуда талабчанмиз ва дуч келган савдо маркази томон интилавермаймиз. Бундан ташқари, веб-сайт ишга тушгандан бери онлайн- ва офлайн-дўконлар фаолияти ҳам яхши йўлга қўйилган.

Ижтимоий тармоқлар қандай қилиб инсонларнинг модага бўлган муносабатини ўзгартиради?

Одамлар у ерда фаолроқ мулоқот қилишади ва кўпроқ маълумот олишади. Мода глобаллашди: бугун дунёда бўлаётган ўзгаришлардан ҳамма хабардор. Агар қаердадир деним урфга кирса, бошқа бозорлар ҳам бу трендни ўзлаштиришади. Бизга шуниси қулай. Бизнинг брендларимизга бутун дунё бўйлаб 100 миллион фойдаланувчи обуна бўлган.

Inditex акцияларининг ярмидан кўпини компания асосчиси Амансио Ортега назорат қилади. Бу бошқарувга қандай таъсир кўрсатади?

Ижобий. Асосчи ва директорлар кенгашининг тўлиқ қўллаб-қувватлаши қисқа муддатли фойда кетидан қувмай, келажак режаларини тузиш ва бизнесга сармоя киритиш имконини беради.

Фото: Ethan Hill

Бу компаниянинг экологик хавфсизлигига таъсир қиладими?

Ҳа, жуда жиддий таъсир қилади. Биз қарор қабул қилаётганимизда барқарор ривожланиш ҳақида ўйлаймиз. Бу хомашё ва товарлар сифати, уларни қайта ишлаш имконияти, ишлаб чиқарувчиларнинг ишлаш шароитларидир. 2020 йилга бориб барча дўконларимиз экосамарали бўлиши керак: 40 фоизга камроқ сув сарфлаш ва 20 фоизга кам - электр энергияси. Бугунги кунда 70 фоиз савдо нуқталаримиз мазкур стандартга мувофиқ келади. Бизнинг ходимларимиз - асосан ёшлар. Улар сайёра ҳақида қайғуриб, жамият ҳаётида фаол иштирок этишади.

Компания раҳбари сифатида тез натижаларга эришдингиз. Нуфузингизга путур етказмаслик учун эҳтиёткорликка риоя қила бошламайсизми?

Бизнинг бизнес моделимизда бунинг деярли иложи йўқ. Биз ҳар мавсумда коллекцияларни нолдан бошлаймиз. Бизнинг корпоратив маданиятимиз ижод ва таваккал қарорларига асосланган.

53 ёшдасиз. Inditex'да қачонгача қолмоқчисиз ва у ердан кетганингиздан кейин нималар билан шуғулланасиз?

Inditex'га бутун профессионал ҳаётимни бағишлайман, деб умид қиламан. Зеро бундан қизиқроқ ишни топиб бўлмайди.