Сўнгги вақтларда криптовалюталар, яъни виртуал пуллар хусусидаги хабарлар халқаро молиявий экспертларнинг диққат-марказида турибди. Халқаро Валюта жамғармаси директорининг собиқ ўринбосари, айни вақтда Allianz суғурта ва инвестиция компанияси бош иқтисодий маслаҳатчиси Муҳаммад Ал Ариан ҳам бу борада ўз фикрини билдирди. 

Унинг айтишича, биткоин валюта эмас, балки маҳсулотдир. Чунки, у валютага лозим бўлган барқарорликка эриша олгани йўқ. CNBC телеканалининг хабар қилишича, Ал Ариан бу ҳақда Сингапурда бўлиб ўтган Barclays Осиё форумида баёнот берган. 

«Валюта жамғарма ва алшмашув воситасидир. Унинг қиймати ҳам нисбиатан барқарор. Аммо биткоин ҳақида бундай деб бўлмайди. У эндигина барқарорликка эришишга уринмоқда. Шундай экан, у валюта эмас, балки маҳсулотдир», — деган у. 

Ал Ариан сентябрь ойида ҳам биткоин хусусида фикр билдириб, Биткоин ўша вақтдаги қийматидан (4 минг АҚШ доллари) ярмини ташкил этиши кераклигини айтганди. 

3 ноябрда эса биткоин 7300 доллар атрофида сотилди. Умуман, жорий йилда криптовалюталар ҳукуматлар ва йирик ташкилотларнинг эътиборини тортмоқда. Биткоин атрофида эса, бозор иштирокчилари ва жаҳоннинг йирик экспертлари ўртасида тортишувлар давом этмоқда. 

Хусусан, JPMorgan Chase бош директори Жеймс Даймон биткоинни «фирибгарлик» деб атаган бўлса, миллиардер Питер Тиль одамлар криптовалютанинг «қадрига етмаётгани»ни таъкидлади. 

Жанубий Корея Марказий банки ҳам биткоин хусусида қарашига ойдинлик киритган ва уни валюта эмас, маҳсулот деб баҳолашини айтган эди.