Германиянинг Max Bögl Wind AG компанияси дунёдаги энг баланд шамол турбинасини барпо этди. Турбинанинг устуни 178 метрни, миноранинг парраклари билан бирга умумий баландлиги эса 246,5 метрни ташкил қилади. Бу ҳақда Electrek ёзди.

Max Bögl Wind AG дунёдаги энг баланд шамол электр станцияларини қуриш билан шуғулланади. Янги шамол турбинаси Гайльдорфда ўрнатилган. У баландлиги 155 метрдан 178 метргача келадиган 4 та минорадан иборат гуруҳнинг бир қисми ҳисобланади. Ҳар бир турбинада 3,4 МВт лик генератор ўрнатилган. Компанияда айтилишча, ушбу турбиналар ишлаб чиқарадиган энергия йилига 10 500 МВт-соатни ташкил қилади. Лойиҳа қиймати 70 млн еврони ташкил қилган ва ҳар йили 6,5 млн евро даромад келтириши кутилмоқда. 

Ўта баланд шамол турбиналарида “сув батареяси” тажрибавий технологияси, яъни энергиянинг гидроаккумуляцияси қўлланади. Бунда сув резервуари сифатида 40 метрлик минора хизмат қилади. У шамол турбиналаридан 200 метр пастда жойлашган гидроэлектр станция билан боғланган. Шамол энергиясининг ортиқчаси сувни тортиш кучига қарши ҳайдаш ва уни резервуарда сақлашга ишлатилади. Зарурат туғилганда сув электр токи бериш учун чиқариб юборилади. Энергияни сақлаш ва уни тармоққа узатиш режимларини ўзгартириш учун 30 сония кифоя қилади. Резервуар сиғими 70 МВт-соатни ташкил қилади, бу эса ўртаҳол америкалик оиланинг уй хўжалигини электр ток билан 7 йил таъминлашга етади.   

Фото: Max Bögl Wind

Шамол турбинаси баландлигининг бир метрга оширилиши паст турбулентлик ва шамол тезлиги юқорироқлиги ҳисобига йилига 0,5-1 фоиз кўпроқ энергия ишлаб чиқаришга имкон беради. Шу сабабли шамол турбиналари борган сари баландроқ қурилмоқда. Мисол учун, Vestas компанияси кейинги йилда 241 метр баландликка эга шамол электр станцияси прототипини ўрнатмоқчи.

Ҳозирда Европада электр энергиянинг анчагина қисми шамол энергияси ҳисобига олинади. Ўтган дам олиш кунлари бу борада рекорд натижа қилинди: Европа Иттифоқида истеъмол қилинувчи жами электр энергиянинг 24,6 фоизи ЕИнинг 28 та давлатида ўрнатилган шамол генераторлари ҳисобига олинди.