Хитойнинг Shanghai Zhenhua Heavy Industry компанияси сунъий ороллар яратишга мўлжалланган Осиёдаги энг катта кемани сувга туширди. ОАВ маълумотларига кўра, кеманинг сувга туширилиши маросими Цзянсу вилоятида ўтган.

Муҳандисларнинг айтишларича, бу кема Хитойнинг баҳсли ҳудудлар борасидаги салоҳиятини оширади. "Тянькунь" деб номланган кема қурилиши 2016 йилда бошланган. Кема 2018 йил июнида қуриб битказилиши режалаштирилган.

Муҳандислар кемани “ороллар яратувчи сеҳргар” деб аташмоқда. Кема ёмон об-ҳаво шароитида ҳам соҳил, канал ва мелиоратив ишларни амалга ошира олади. 

Узунлиги 140 метр келадиган сузувчи насоснинг сув сиғимдорлиги 17 минг тоннани ташкил қилади. У бир соат ичида 35 метр чуқурликдан 6 минг куб метргача лой ва қумни торта олади. Кема юқори даражада автоматлаштирилгани туфайли катта унумдорлик таъминланади. Бундан ташқари, кема дунёдаги энг яхши кесувчи қурилмалардан бири билан жиҳозланган. Унда тўртта пичоқ бўлиб, улар турли денгиз жинслари, жумладан тошни майдалай олади.

Қум, лой ва майдаланган маржонқоя сувдан чиқарилгач, уларни кучли транспорт тизими эвазига кемадан 15 км узоқликкача ташиш мумкин. Олинган жинслар қуруқликнинг янги майдонларини шакллантиришда қўлланиши мумкин.

Аввал бу турдаги энг кучли кема хитойлик ва германиялик муҳандислар томондан қурилган "Тяньцзин" кемаси ҳисобланган. У бир соат ичида сув тубидан 4,5 минг куб метр жинсларни торта олган.

Хитой 2013 йил охиридан бери Жанубий Хитой денгизидаги баҳсли сув ҳудудларида сунъий ороллар яратиш бўйича йирик кўламли ишлар олиб бормоқда. Бу эса Осиё-Тинч океани минтақасидаги бир нечта давлатларни хавотирга солмоқда ва улар томондан танқид қилинмоқда.