Қозоғистон гендер тенглиги рейтингида дунёнинг 144 мамлакати орасида 52-ўринни эгаллади. Бу ҳақда «Гендер фарқи бўйича глобал ҳисобот - 2017» Бутунжаҳон иқтисодий форумининг янги ҳисоботида айтилди.

Марказий Осиё мамлакатларидан: Қирғизистон 85-поғонадан жой олган бўлса, Тожикистон 95-ўринда жойлашди. Туркманистон ва Ўзбекистон эса рейтингда тақдим этилмаган.

Мўғулистон рейтингнинг 53-ўрнини эгаллади.

Тадқиқот тўртта асосий йўналиш: соғлиқни сақлаш, таълим, иқтисодий имкониятлар ва аёлларнинг сиёсий фаолияти бўйича ўтказилди.

Аёллар учун энг яхши имкониятлар яратилган давлатлар орасида Исландия, Норвегия, Финляндия, Руанда ва Швеция бор. Гендер тенглиги рейтингидаги энг сўнгги поғонани Яман эгаллади. Тадқиқотчиларнинг фикрича, у ерда аёлларнинг ўз ҳуқуқларидан фойдаланиши бироз мушкулроқ.

Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, гендер муаммоларини ҳал этишнинг ҳозирги тезлигида эркаклар ва аёллар ўртасидаги тенгликка фақатгина 100 йилдан сўнг эришиш мумкин. Ўтган йилда бу кўрсаткич бироз камроқ эди – 83 йил.