"Кливленд Кавальерс" баскетбол клуби ҳужумчиси Леброн Жеймс “Вашингтон Уизардс”га қарши учрашувда 57 очко тўплаб, фаолиятидаги 29 минг очкони тўплади.

Название

Миллий баскетбол уюшмаси расмий сайтида маълум қилинишича, эндиликда Леброн ҳисобида 29049 очко бор. У бу чегарадан ўтган МБУ тарихидаги еттинчи ўйинчига айланди. Шу билан бирга 32 ёшли Жеймс 29 минг очко тўплаган энг ёш баскетболчи бўлди. Аввал бу рекорд Коби Брайантга тегишли бўлган ва у бу натижага 33 ёшида эришган. 

Брайант ва Жеймсдан ташқари 29 мингдан кўпроқ очкони Карл Мэлоун, Майкл Жордан, Уилт Чемберлен, Дирк Новицки ва Карим Абдулжаббор тўплаган. Умуман олганда, энг кўп очкога эгалик қилиш бўйича Карим Абдулжаббор етакчи ҳисобланади. У бутун фаолияти давомида 38387 очко тўплай олган.

Шуни қайд қилиш керакки, Жеймс афсонавий Жорданни ортда қолдириб, плей-офф ўйинларида энг кўп очко тўплаган баскетболчи бўлди. Унинг ҳисобида айни вақтда 5995 очко бор.

Бунгача плей-офф ўйинларининг энг сермаҳсул ўйинчиси Майкл Жордан бўлган. У 1984 йилдан 1993 йилгача ва 1995 йилдан 1998 йилгача плей-офф ўйинларида иштирок этиб, 5987 очко тўплаган.

Бу борадаги 3-натижа Карим Абдулжабборга тегишли (5762 очко).