Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Сайфулло Соипов Манхэттенда теракт амалга оширгандан кейин Нью-Жерси штатидаги иккита ислом маркази ўз номига таҳдидлар билдирилган телефон қўнғироқлари олган.

Жумладан, Пассаик шаҳридаги ислом марказига камида 8 та шундай қўнғироқ келиб тушган. Полиция маълумотларига кўра, Соипов мунтазам равишда ташриф буюриб юрган Патерсон шаҳридаги ислом марказига ҳам бир қатор таҳдидлар билдирилган.

31 октябрда 29 ёшли Соипов Нью-Йоркнинг Манхэттен туманида юк машинасида велосипедларда юришга мўлжалланган йўлкага чиқиб, одамларни боса бошлаган. Оқибатда 8 киши, жумладан 5 нафар аргентиналик ва бир нафар бельгиялик сайёҳ ҳамда 2 нафар америкалик ҳалок бўлган, 10 дан кўпроқ одам жароҳат олган. Прокуратура Соиповга қарши ИШИДни қўллаб-қувватлаш ва транспорт воситасини қотиллик содир этиш ва вайроналар келтириб чиқаришда қўллаш айбловларини қўйган.