4 ноябрь куни Тошкент шаҳрида МДҲ электр энергетика Кенгашининг 51-йиғилиши бошлангани ҳақида хабар берилганди. Унда иштирок этаётган Саудия Арабистони қироллигининг энергетика, саноат ва минерал ресурслар вазири Ҳолид ал-Фалиҳ ҳамда Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Алишер Султонов, Россия ва Қозоғистон ҳукумати вакиллари билан биргаликда тор доирада суҳбат ташкил этилди.

Ёпиқ тарзда ўтказилган учрашувда тўрт томон нефть сиёсати ва энергетика соҳасида интерграция масалаларини муҳокама этгани тахмин қилинмоқда.

Алишер Султонов ва Ҳолид ал-Фалиҳ / Фото: Kun.uz

"Бу менинг Ўзбекистонга илк ташрифим бўлди. Мазкур ташриф давомида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Алишер Султонов билан икки мамлакат, яъни Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасида ҳамкорлик шартларини муҳокама қилишга имкон туғилди. Тарихан Саудия Арабистонининг Каспийбўйи давлатларига қизиқиши юқори бўлган, шунингдек Ўзбекистон билан кўп томонлама алоқаларимиз ривожланган. Шунингдек, МДҲ электр энергетика Кенгашининг 51-йиғилишида бироз иштирок этишга муваффақ бўлдим. Бутун дунёда энергия манбаларига бўлган эҳтиёж ошиб бораркан, Осиёда аниқланган манбалар бирламчи заруриятга айланиши сир эмас. Минтақа нафақат нефть ва газ соҳасида, балки ўзаро интеграцияллашувни ривожлантириш орқали энергетика соҳасида ҳам пешқадам бўла олади.

Биз тор доирада Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон ва Саудия Арабистони маслаҳатлашувини ўтказдик. Унда нефть бозорида юз бераётган глобал ўзгаришларга баҳо берган ҳолда, келгуси стратегия йўллари муҳокама этилди. Ўтган йили ноябрь ойида имзоланган шартнома бандларида кўрсатилган талабларни бажариш юзасидан мониторинг амалга оширилди. Саудия Арабистони ва Россия Федерацияси энергетика вазирлари ўзларининг техник хулосаларини келтириб ўтдилар.

Саудия Арабистони қироллигининг энергетика, саноат ва минерал ресурслар вазири Ҳолид ал-Фалиҳ / Фото: Kun.uz

Биз олдимизга қўйган марраларни ҳали ошиб ўтмадик, қилиниши зарур бўлган ишлар кўп. Бундай фикрни Қозоғистон Республикаси президенти Нурсултон Назарбоев ҳам, Таиландда ўтган Осиё энергетика вазирлари мажлисида иштирок этган Малайзия бош вазири ҳам, Эквадор вазири ҳам билдирди. Мен Нигерия, Ливия ва бошқа Афро-Осиё мамлакат вакиллари билан музокараларни давом эттирмоқдаман”, - деди саудиялик вазир суҳбатдан сўнг.

Айни пайтда тор доирадаги учрашувда қандай масалалар кўриб чиқилгани, янги келишувлар ҳақида очиқ маълумот тарқатилмади. Шунга қарамай, жаҳон бозорида нефть сиёсати тез орада янги даврга қадам қўйишини кутиш мумкин.