Туркиянинг ҳамкорлик ва координация агентлиги (TİKA) Қирғизистоннинг Ўш вилоятидаги Аю қишлоғининг кўчкидан жабр кўрган аҳолиси учун уйлар қуриб бермоқда.   

29 апрелда юз берган кўчки оқибатида 24 киши ҳалок бўлганди.

TİKA’нинг Бишкекдаги дастури координатори Али Муслу агентлик ходимлари билан бирга турар жойлар мажмуаси қурилиши билан танишиб чиқди. Қурилиш учун майдон Қирғизистон ҳукумати томондан ажратилган.

Фото:aa.com.tr

Муслунинг маълум қилишича, лойиҳани амалга ошириш учун Қирғизистон ҳукумати TİKA’дан ёрдам сўраган ва агентлик розилик билан жавоб берган.

Муслунинг таъкидлашича, Ўзган туманида 9 та уй қурилиши давом этмоқда. Уларни ой охиригача қуриб битказиш ва калитларини муҳтож оилаларга топшириш режалаштирилган.

Фото:aa.com.tr

Ўзган тумани раҳбари Болтабой Осмоналиев агентликка кўрсатилаётган ёрдам учун миннатдорлик билдирган. Унинг айтишича, Аю қишлоғини тўлиқ кўчириб ўтказишга қарор қилинган ва янги турар жойлар шу муносабат билан қурилмоқда. 

4 фарзанднинг отаси, 17 ёшли ўғли кўчки вақтида ҳалок бўлган Иброҳим Озонбаевнинг айтишича, қишлоқ аҳли янги уйлар битказилишини интиқлик билан кутмоқда.