Microsoft ҳаммуассисларидан бири Билл Гейтс йилига 50 китоб мутолаа қилади. Миллиардер Марк Кубан кунига уч соатдан китоб ўқийди. Facebook асосчиси Марк Цукерберг ҳар йили 24 китоб ўқиш қарори ҳақида маълум қилган, сармоячи Уоррен Баффет эса 80 фоиз вақтини китоб ўқишга сарфлайди. BookAuthority тавсиялар сервиси Гейтс, Брэнсон, Баффет, Маск, Безос, Цукерберг, Кук каби кўплаб етакчи ишбилармонларнинг севимли китоблари ҳақида маълумот берди. 

Microsoft асосчиларидан бири Билл Гейтс тавсияси

Фото: Getty Images

1. "Пойабзал сотувчиси. NIKE компаниясининг тарихи унинг асосчиси тилидан", Фил Найт

Бу китоб бир зумда New York Times бестселлерлари рўйхатидан жой олди. Китоб журналистлар билан мулоқотда уятчанлиги билан машҳур Nike компанияси асосчисининг ҳаёти, шу билан бирга, қандай қилиб унинг компанияси оддий стартапдан энг инқилобий ва сердаромад брендлардан бирига айлангани ҳақида маълумот олишдек ноёб имконни беради. 

2. "Стресс-тест: Молиявий инқирозга оид хотиралар", Тимоти Гайтнер

Дастлаб Нью-Йорк Федерал захира банки президенти, кейин эса Барак Обама маъмуриятида молия вазири лавозимида фаолият юритган Гайтнер ўқувчилар олдида Буюк депрессия пайтларидан бери энг ёмон молиявий инқирознинг "саҳна ортидаги" воқеаларини очиб беради. Шу билан бирга молиявий тизимни тиклаш ва иқтисодиёт таназзулига йўл қўймаслик учун ўзи қабул қилишга мажбур бўлган ёқимсиз қарорларни изоҳлайди.

3. "Кучли етакчи ҳақида афсона: Замонавий дунёда сиёсий етакчилик", Арчи Браун

Етакчи сиёсий тарихчилардан бирининг китоби - парламент демократияси пайдо бўлган даврдан бошлаб то Обама даврига қадар бутун дунё сиёсий етакчилик институтининг ҳақиқий тадқиқоти.

Жефф Безос тавсияси, Amazon.com интернет-компанияси асосчиси ва раҳбари

Фото: Getty Images

1. "Инноватор дилеммаси: Қандай қилиб янги технологиялар туфайли кучли компаниялар барбод бўлмоқда", Клейтон М. Кристенсен

Amazon таҳририят жамоаси "Инноватор дилеммаси" китобини "Муваффақият ва етакчилик ҳақида ҳеч бўлмаганда бир марта ўқиш керак бўлган 100 китоб" рўйхатига киритган. Стив Жобсдан то Малкольм Гладуэллгача ўз нутқларида Кристенсеннинг сўзларини кўп  марта мисол сифатида келтиришган.

2. "Америкада яратилган: Қандай қилиб WAL-MART'га асос солдим?", Сэм Уолтон

Муаллиф — Wal-Mart'ни дунёдаги энг йирик чакана савдо тармоқларидан бирига айлантирган XX аср охирларидаги энг даҳо сотувчилардан бири "Америка орзуси"ни амалга оширишда нимадан илҳомланиши, ишонч ва ижобий фикрлаш ҳақида сўз юритади.

3. "Маълумотларга асосланган маркетинг. Ҳар бир инсон билиши керак бўлган 15 кўрсаткич", Марк Жеффри

Америка маркетинг ассоциацияси томонидан 2011 йилнинг энг яхши маркетингга оид китоби дея тан олинган. Жеффри маркетинг самарасини сезиларли равишда ошириш учун маълумотларга асосланган қатъий стратегик ёндашувдан фойдаланишга доир аниқ ва ишончли қўлланмани таклиф этади.

Уоррен Баффет тавсияси, сармоячи

Фото: Getty Images

1. "Энг яхши CEO'лар қоидалари. Муваффақиятга эришган компанияларнинг 8 раҳбари фаолияти тарихи ва тамойиллари", Уильям Торндайк

Ушбу китоб Баффетнинг тавсиялари рўйхатида биринчи ўринни эгаллайди. Унда 8 нафар етакчининг корпоратив бошқарувга ёндашувини кескин ўзгартирган мисли кўрилмаган муваффақияти ҳақида сўз юритилади. Уларнинг қайси биринидир исмидан танимаслигингиз мумкин, бироқ компанияларини билсангиз керак: General Cinema, Ralston Purina, The Washington Post Company, Berkshire Hathaway, General Dynamics, Broadcasting Capital Cities, TCI ва Teledyne.

2. "Энг муҳими ҳақида. Фикрловчи сармоячи учун нотривиал сабоқлар", Ҳовард Маркс, Пол Жонсон

Oaktree Capital Management ҳаммуассиси ва раиси Ҳовард Маркс бозор имкониятлари ва таваккал борасида ўзининг синчков баҳолари билан танилган. Унинг китобидан 40 йил давомида сармояларни бошқариш чўққисига кўтарилиш натижалари ўрин олган. У биринчи марта кенг ўқувчилар доирасида ўз фалсафасини ҳавола қилган.

3. "Катта ўйла", Кристиан Корреа

Хорхе Пауло Леманн, Марсель Теллес ва Бето Сикупира 40 йилдан ортиқ вақт давомида Бразилия капитализми тарихидаги энг катта империяни барпо этиб, жаҳон саҳнида оламшумул муваффақиятга эришишган. Баффетни айниқса унинг шериги Леманннинг тарихи жалб қилади. Инвестор уни дунёнинг энг яхши ишбилармонларидан бири дея эътироф этади: "У фантастик шахс ва унинг тарихи барчага илҳом бахш этиши керак, худди мени илҳомлантиргани каби".