АҚШ президенти Дональд Трамп рафиқаси Мелания билан бирга Японияга етиб келди. Бу ҳақда Fox News телеканали хабар тарқатди.

Бу мамлакатга ташриф Трампнинг Осиёга 13 кунлик турнесининг бошланғич нуқтаси бўлди. У сафари давомида Вьетнам, Хитой, Жанубий Корея ва Филиппинда ҳам бўлади.

Турнедан олдин Дональд Трамп Вьетнамда ўтадиган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммити доирасида Россия президенти Владимир Путин билан ҳам учрашиши мумкинлигини айтганди. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков бундай учрашув эҳтимолини истисно этмади.

Самолётда Трамп журналистларга Путин билан бўлажак учрашуви ҳақида маълум қилди: «Менимча, Путин билан учрашамиз. Биз Шимолий Корея масаласида ундан ёрдам истаймиз».

Дональд Трамп Японияга 13-кунлик Осиё турнеси доирасида келди. Бу Америка президентларининг кейинги 25 йил ичидаги энг узоқ муддатли сафари бўлади.

Японияга йўл давомида президент Гавайи штатида тўхтади ва Перл-Ҳарбордаги мемориални зиёрат қилди. Икккинчи жаҳон уруши вақтида Япония бу ердаги америкаликларнинг ҳарбий-денгиз базасига ҳужум қилиши оқибатида 2 минг нафардан ортиқ денгизчи ҳалок бўлганди.

Трамп якшанба тонгида Япония пойтахти Токио шаҳри яқинидаги «Йокота» базасига қўнди, унинг илк чиқиши Оқ уй сайтида трансляция қилинди.

Америкалик ҳарбийлар олдида чиқиш қилишидан олдин президентга генерал-лейтенант Жерри Мартинес учувчилар курткасини кийгизди ва АҚШ президенти бу либосда жуда салобатли кўринаётганини эътироф этди. Америкалик ҳарбийлар президентни олқишлашди.

Президент нутқи бошида базада хизмат қилаётган ҳарбийларга миннатдорчилик билдирди, у шунингдек, японияликларга ҳам ҳурмат бажо келтирди.

«Биз ҳавода хўжайинлик қиламиз, биз сувда хўжайинлик қиламиз, биз қуруқликда ҳам, космосда ҳам хўжайинмиз. Бизда энг яхши қуроллар. Бизда энг яхши одамлар... Сизнинг садоқатингиз ва омилкорлигингиз бизни тарихдаги энг довюрак халққа айлантиради. Ҳеч бир диктатор, ҳеч қайси тузум ёки миллат АҚШнинг қатъиятини паст баҳоламаслиги керак», деган Трамп.

Якшанба кунининг иккинчи ярмида Трамп Япония бош вазири Синдзо Абэ билан ишчи учрашув ўтказади, кейин икки сиёсатчи гольф ўйнашади. Сайтама префектурасидаги Кавагоэда бўлиб ўтадиган ўйинда уларга машҳур япониялик гольфчи Хидеки Мацуяма қўшилади. Душанба куни Трамп Япония императори ҳузурида бўлади,  шу куни япон-америка саммити ўтказилади, кейин Трамп ва Абэ ўтмишда шимолий кореялик агентлар томонидан ўғирланган япон оилалари билан учрашади.

Турне Шимолий Корея билан муносабатлар таранглашган паллада ўтмоқда. Трамп Корея яриморолидаги зиддиятда Жанубий Корея ва Японияни қўллаб, Хитойни Пхеньян билан муносабатларда қатъийроқ бўлишга чақирмоқчи.

Трамп бундан аввал бир неча марта Шимолий Кореяни ракета ва ядровий синовлари учун қаттиқ қоралаб чиққанди. У сафар давомида Жануб ва Шимол ўртасидаги ҳарбийлардан холи зонага ташриф буюришни ҳам режалаштирганди, аммо бу режа бекор қилинди. Лекин у америкаликларнинг Сеул яқинидаги Кэмп-Ҳамфрис комплексига келади.

Япониядан кейин Трамп 6-7 ноябрь кунлари Жанубий Кореяда бўлади, 8 ноябрь куни у Хитойга боради, 10 ноябрда эса Вьетнамга йўл олади, бу ерда Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммити ўтказилади, Трампнинг Осиёга турнеси 12-14 ноябрь кунлари Филиппинга сафар билан якунланади.

Америкаликлар президентининг бундай марафони охирги марта 1991 йилда кузатилган, ўшанда худди шу йўналиш бўйича Катта Жорж Буш турне уюштирганди.