4 ноябрда Санкт-Петербургда ўзбекистонликлар кетаётган Mercedes микроавтобуси билан жиддий йўл транспорт ҳодисаси юз берди. 

Ижтимоий тармоқлардан биридаги “ДТП и ЧП. Санкт-Петербург” гуруҳи фойдаланувчиларининг маълум қилишларича, шаҳарнинг чорраҳаларидан бирида Mercedes ва BMW енгил машинаси тўқнашиб кетган.

ЙТҲ оқибатида 6 киши жароҳат олган, уларнинг барчаси ўзбекистонликлар, деб маълум қилган “Петербург” телерадиокомпанияси. 

Воқеа жойига тез ёрдам ва жонлантириш машиналари келган. Барча жароҳатланганлар шифохонага етказилганлар.

Воқеа гувоҳларининг таъкидлашларича, BMW X6 кроссоверини бошқараётган аёл ҳайдовчи микроавтобусни яшил чироқда ўтказишни истамай, унинг ён томонига урилиб, уни тўнтариб юборган.

“BMW светофорнинг қизил чироғида катта тезликда ҳаракат қилган”, деб ёзган гувоҳлардан бири ижтимоий тармоқда.