Каталониянинг собиқ раҳбари, бугун Бельгияда полицияга таслим бўлган Карлес Пучдемон ва унинг 4 нафар маслаҳатчиси 24 соат муддатга ҳибс қилинди. Аммо тергов якунига кўра, судья уларни қамоққа жўнатиши мумкин. Бу ҳақда федерал прокуратура маълум қилган.

«Агар судья уларни ҳибсда сақлаш муддатини узайтирса, улар қамоқхонага юборилади», деган прокуратура вакили журналистларга.

Унинг сўзларига кўра, қўлга олинганлар айни вақтда федерал прокуратура биносида бўлиб турибди, куннинг иккинчи ярмида улар сўроқ қилинади. Тергов вақтида адвокат ва таржимонлар ҳам бўлади.

Журналистлар Бельгия томони Пучдемон ва унинг ҳамроҳлари экстрадиция қилиниши эҳтимоли ҳақида сўрашган, прокуратура вакили айни вақтда гап фақат ҳибсга олиш жараёни ҳақида эканини айтган.

«Иш аввал биринчи инстанция судида кўриб чиқилади. Кўп эҳтимол билан апелляция судига мурожаат қилинади. Бу эса 60 кунгача вақт олиши мумкин», деган у. У Пучдемон ва шерикларини ҳибсда ушлаб туриш вақти 60 кундан ошмаслиги кераклигини таъкидлаган.

Қўлга олинганларнинг қўлига кишан тақилган-тақилмагани хусусида ҳам савол берилган.

«Йўқ. Агар улар ўз атрофларидаги полициячиларга таҳдид солмас экан, кишан тақишга асос йўқ», деган прокуратура вакили.

3 ноябрь куни Испания миллий суд палатаси судьяси Бельгияда бўлиб турган Каталониянинг собиқ раҳбари Карлес Пучдемон ва мухторият женералитетининг қолган маслаҳатчиларини ҳибсга олишга ордер берди.

Бугун Карлес Пучдемон ҳамда ҳукуматининг собиқ 4 амалдори женералитнинг собиқ соғлиқни сақлаш маслаҳатчиси Тони Комин, маданият бўйича маслаҳатчи Луис Пуч, қишлоқ хўжалиги бўйича собиқ маслаҳатчи Меричель Серрет ва таълим бўйича собиқ маслаҳатчи Клара Понсанти Бельгияда полицияга ўз ихтиёри билан таслим бўлди.

Уларга нисбатан исён кўтариш ва давлат маблағларини суистеъмол қилиш айбловлари қўйилмоқда. Исённи ташкиллаштириш айблови учун бериладиган максимал жазо эса 30 йилни ташкил қилади.