Россия автомобиллар бозорида 2017 йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида янги енгил автомобилнинг ўртача нархи 1,33 млн рублни ташкил қилди. Бу давр ичида хорижда ишлаб чиқарилган автомобиллар ўртача нархи 1,54 млн рублни, Россияда ишлаб чиқарилган автомобилларники эса 0,58 млн рублни ташкил қилди.

“АВТОСТАТ” таҳлилий агентлиги мутахассислари томонидан жорий йилнинг дастлабки 9 ойи ҳисобга олинган ҳолда тузилган рейтингга 500 донадан кўпроқ автомобиль сотган 40 та марка кирди. Таъкидлаш керакки, ҳар бир моделнинг ҳам қиммат, ҳам арзон модификациялари ҳисобга олинган.

Тадқиқот натижасига кўра, Land Rover автомобиллари энг юқори ўртача нархга эга бўлган –  5,68 млн рубль. Мутахассисларнинг фикрича, премиум-сегмент автомобилларига нархлар 2,7 млн рублдан 5,7 млн рублгача оралиқда тебранади.

Бундан ташқари, оммабоп сегментга тааллуқли бўлган бир қатор маркаларнинг ўртача нархи Россия бўйича ўртача нархлардан юқорироқ туради. Булар Honda (2,27 млн руб.), Toyota (2,26 млн руб.), Subaru (2,18 млн руб.), Mitsubishi (1,95 млн руб.) ва бошқалар.

Арзон нархдаги автомобиллар сегментини Япониянинг Datsun (0,53 млн руб.), Ўзбекистоннинг Ravon (0,54 млн руб.), Россиянинг LADA (0,56 млн руб.) маркалари якунламоқда. Бу маркалар автомобиллари ўртача нархлар бўйича Россия бозорида энг арзонлари ҳисобланади.