Россия президенти Владимир Путин ҳукуматга Ўзбекистонга етказиб бериладиган ҳарбий мақсаддаги маҳсулотларни мақсадга мувофиқ қўлланишини назорат қилиш тартиби бўйича келишувни имзолаш юзасидан Ўзбекистон билан музокаралар ўтказиш топшириғини берди.

Путиннинг тегишли буйруғи 3 ноябрда ҳуқуқий маълумотлар порталида эълон қилинган, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги.

“2016 йил 29 ноябрдаги Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш ҳақидаги келишув доирасида Ўзбекистонга етказиб бериладиган ҳарбий мақсаддаги маҳсулотнинг мавжудлиги ва мақсадга мувофиқ қўлланиши назоратини амалга ошириш тартиби бўйича Россия ва Ўзбекистон ўртасида келишувни тузиш мақсадида музокаралар ўтказиш бўйича Россия ҳукуматининг таклифи қабул қилинсин”, дейилган ҳужжатда.  

Келишувда ҳарбий мақсаддаги маҳсулотни етказиб берувчи давлат (Россия) бу маҳсулотнинг мавжудлиги ва мақсадга мувофиқ қўлланишини назорат қилишга ҳақли эканлиги, иккинчи томон (Ўзбекистон) эса, мос равишда, бу назорат амалга оширилиши учун зарур шароитларни яратиб бериши кераклиги назарда тутилади.  

Россия ҳукуматига музокаралар ўтказилгандан кейин бу келишувни имзолаш юкланган.

Россия ва Ўзбекистон ўртасида ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш ҳақидаги келишув 2016 йил 29 ноябрда имзоланган. У ҳарбий мақсаддаги маҳсулотни ўзаро етказиб беришни амалга ошириш, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникани яратиш, ишлаб чиқариш, эксплуатация қилиш, таъмирлаш, модернизация қилиш ва утиллаштириш соҳасида ўзаро ҳамкорликнинг қулай тартибини белгилайди.