Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида меъёрий-ҳуқуқий ва меъёрий-техник тартибга солиш, мос келишни баҳолаш, стандартлаштириш, аккредитация ва метрологик таъминот бўйича ёндашувларни яқинлаштириш бўйича келишувни тасдиқлади. 

Шу мақсадда Шавкат Мирзиёев 2017 йил 2 ноябрда “Халқаро келишувни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарони имзолади.

Ушбу ҳужжат 2017 йил 26 майда Қозон шаҳрида МДҲ давлатлари томондан имзоланган.

Президент Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларни бехатар олиб борилишини назорат қилиш инспекцияси ва Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигини халқаро келишувни амалга ошириш учун жавобгар органлар қилиб белгилади.

Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида меъёрий-ҳуқуқий ва меъёрий-техник тартибга солиш, мос келишни баҳолаш, стандартлаштириш, аккредитация ва метрологик таъминот бўйича келишувнинг иштирокчи давлатлари томонидан ёндашувларни яқинлаштиришни амалга ошириш томонлар бу йўналишлар бўйича фаолиятни белгиловчи қўшимча келишувларни қабул қилишлари йўли билан амалга оширилади. 

Президент Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигига Ўзбекистон томондан ушбу халқаро келишув кучга кириши учун зарур бўлган ички жараёнлар бажарилгани ҳақида тегишли билдириш хатини депозитарийга йўллаш топшириғини берди.