5 ноябрда АҚШ президенти Дональд Трамп рафиқаси Меланья билан Японияга етиб келди. Трамп айнан Японияга ташрифи билан Осиё бўйлаб турнесини бошлади. Трамп Японияга келиши билан АҚШнинг Йокота базасидаги ҳарбийлар олдида нутқ сўзлади. У Японияга самимий қабул учун миннатдорлик изҳор этди ва “икки давлат ўртасидаги ажойиб дўстлик ўнлаб йиллар давом этишига” умид билдирди. Трамп, шунингдек, Японияни “қимматли ҳамкор ва муҳим иттифоқдош” деб атади. 

Трамп ва Япония бош вазири Синдзо Абэ фақат сиёсат билан шуғулланишмади. Жумладан, улар гольф ўйнашди. Трамп ушбу ўйин видеосини твиттердаги саҳифасида жойлаштирди.   

“Икки ажойиб инсон – бош вазир Абэ ва Хидэки Мацуяма билан гольф ўйнаяпман”, деб изоҳ берган Трамп видеога.

Хидэки Мацуяма япониялик профессионал гольфчи бўлиб, Трамп уни “Япониянинг буюк гольфчиси” деб атаган.

Трамп турне давомида шунингдек Жанубий Корея, Хитой, Вьетнам ва Филиппинга ташриф буюради.