АҚШ президенти Дональд Трампнинг ҳисоблашича, Япония ўз ҳудуди осмонидан учиб ўтаётган КХДРнинг баллистик ракеталарини уриб тушириши керак. Бу ҳақда Киодо агентлиги дипломатик доиралардаги манбаларига асосланган ҳолда хабар тарқатди.

Агентлик маълумотига кўра, америкаликлар раҳбари кейинги ойларда бир неча марта Токионинг шимолликларнинг ҳаракатларига қарши сукут сақлашини тушунмаётгани ҳақида билдирган.

«Нега ўз осмонингиз устидан учиб ўтаётган ракеталарни уриб туширмайсиз? Бу ахир самурайлар мамлакати эмасмиди. Мен буни тушуна олмайман», — дея Дональд Трампнинг сўзларини келтирган агентлик.

КХДР дунё ҳамжамияти эътирозларига қарамасдан ўзининг ракета ва ядровий дастурларини ривожлантиришда давом этмоқда. Август ойи охирида ва сентябрь ойида Пхеньян баллистик ракеталари синовини ўтказди, бу ракеталар Япония ҳудуди устидан учиб ўтди. Япон ҳарбийлари эса бу ракеталар мамлакатга хавф солмаётгани учун бу ракеталарни уриб туширмасликка қарор қилди.

Шимолий Корея 3 сентябрь куни водород билан зарядланган ракеталари тайёр бўлгани, бу ракеталар бошқа қитъаларга қадар етиб бора олишини маълум қилди.

Япония ва Жанубий Корея ҳарбийлари бу қуролнинг заряди 160 килотонна экани, бу эса 1945 йилда Хиросима ва Нагасакига ташланган атом бомбалардан ўн баробар кучлироқ эканини маълум қилишган. 3 сентябрь кунги синов шимолликларнинг олтинчи ядровий синови бўлганди.