Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 3 ноябрда “2017-2021 йиллар учун углеводород хом ашёси қазиб олиш ҳажмини ошириш дастурининг биринчи босқичини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.  

Ҳужжатда айтилишича, БААнинг ERIELL Oilfield Services Middle East DMCC компанияси 248 та газ ва 48 та нефть қудуғини қуриш ва “Ўзбекнефтгазқазиболиш” АЖ конларини тўлиқ жиҳозлаш бўйича тендерни ютиб чиққан. Тендер “Natural Gas-Stream” МЧЖ қўшма корхонаси томондан ўтказилган.

Enter Engineering РТЕ. LTD (Сингапур) эса “Ўзбекнефтгазқазиболиш” АЖ конларида технологик объектларни қуриб-жиҳозлаш шарти билан тендерни ютиб чиққан.

ERIELL Oilfield Services Middle East DMCC ва ERIELL GmbH (Австрия) компаниялари консорциуми “Ўзбекнефтгазқазиболиш” конларида 2017-2018 йилларда 328 та қудуқнинг капитал таъмирини амалга оширади ҳамда “Ўзбекнефтгаз” пудратчи бўлинмаларини модернизация қилади ва янги қурилмалар билан жиҳозлайди.

Қарорда таъкидланишича, Natural Gas-Stream ва Bank GPB International S.A (Люксембург) 12 ойлик муддатга 200 млн долларлик қисқа муддатли кредит тақдим қилиш бўйича келишув тузишган.  

Қарорда айтишилича, дастур икки босқичда: биринчи босқич 2017-2018 йилларда ва иккинчи босқич 2019-2021 йилларда амалга оширилади.

Президент дастурдан метанолдан бензин олиш бўйича қурилмаларни қуриш бўйича ишларни истисно қилди.

Дастурнинг биринчи босқичи энг максимал нархи 1,99 млрд долларни ташкил қилади. Бу маблағлардан 503,81 млн долларини “Ўзбекнефтгаз” сармоя қилади. Хорижий кредитлар ҳажми 1,48 млрд доллардан кўпроқни ташкил қилади.  

Қарорга кўра, 300,63 млн доллар машиналар ва қурилмалар харид қилишга, 271,2 млн доллар қурилиш-монтаж ишларига, 1,16 млрд доллар қудуқлар бурғилаш ва 48,7 млн доллар мавжуд қудуқларнинг капитал таъмирига йўналтирилади.

Натижада газ қазиб олиш ҳажми ўсиши 6,35 млрд куб метр газ, 114,72 минг тонна газ конденсати ва 75,5 минг тонна нефтни ташкил қилади. Газ экспортининг йиллик ҳажми 3,45 млрд куб метрни ташкил қилади.