Япония бош вазири Синдзо Абэ АҚШ президенти Дональд Трампнинг Шимолий Корея муаммосини ҳарбий йўл билан ҳал қилиш имконияти бўйича позициясини қўллаб-қувватлади. Унинг қўшма матбуот анжуманида маълум қилишича, Пхеньянга таъсир кўрсатишнинг барча вариантлари «стол устида турибди». Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

«Биз президент Трампнинг Шимолий Кореяга нисбатан барча вариантлар стол устида тургани бўйича позициясини қўллаб-қувватлаймиз», - дея айтиб ўтди Япония бош вазири. 

Трампнинг матбуот анжуманида маълум қилишича, АҚШ «КХДРнинг фитналарига» бошқа сабр қилиб турмайди. Аввалроқ у Япония ҳукуматининг Шимолий Корея ракеталари бўйича позициясини танқид қилганди.

«Нега биз чоралар кўриб, мамлакат устидан учиб ўтаётган ракеталарни уриб туширмадик? Бу самурайлар мамлакати, мен уларни тушунмайман», - дея маълум қилганди ўшанда Трамп.

Трамп музокаралар давомида Япония ҳукуматига Америка қурол-яроғи харидини кенгайтиришни тавсия қилди. Қайд этилишича, бу КХДРдан учаётган ракеталарни уриб тушириш учун имконият беради.

Шунингдек, икки давлат етакчиси Шимолий Кореяга унинг ядро қуроли бўйича ҳаракатларни тўхтатиши учун максимал босим ўтказишга келишиб олди. Абэ эса КХДРга қарши янги санкциялар ҳақида маълум қилди: 35 жисмоний шахс ва ташкилотнинг ҳисоб рақамлари музлатилади.