Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо айланмаси 2017 йилнинг январь–сентябрида 19 951,5 млн. АҚШ долларини, жумладан экспорт – 10 359,6 млн. АҚШ долларини, импорт – 9 591,9 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасининг 2017 йилнинг январь-сентябрь ойларидаги асосий иқтисодий ва ижтимоий кўрсаткичлар бўйича ҳисоботида айтилади.

Ташқи савдо айланмасининг сальдоси – 767,7 млн. АҚШ долларни, шу жумладан МДҲ давлатлари билан 715,8 млн. АҚШ долларини ва бошқа давлатлар билан 51,9 млн. АҚШ долларини ташкил этди.

Республика резидентларининг ташқи савдо операциялари асосан Осиё (жами товар айланмасининг (45,7 фоизи), Европа (44,2 фоизи) ва Америка (2,6 фоизи) давлатлари билан амалга оширилган бўлиб, жами савдо айланмасининг 92,5 фоизини ташкил қилди.

МДҲ давлатлари орасида Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Украина ва Тожикистон давлатлари, ташқи савдо айланмасида асосий ҳамкорлар ҳисобланиб, уларнинг жами ташқи савдо айланмасидаги улуши 28,6 фоизни ташкил қилади, бошқа давлатлар орасида Хитой, Туркия, Корея Республикаси, Германия, Афғонистон, Бразилия, Ҳиндистон, Латвия, Эрон, Франция, Литва, АҚШ, Италия давлатлари ҳисобланади ва уларнинг улуши 40,4 фоизни ташкил қилади.