2017 йилнинг 1 ноябрь куни тахминан соат 23:30 ларда, номаълум шахс маст ҳолатда, Чилонзор тумани ҳудудида, безорилик оқибатида фуқаро А.Ш.ни қўл ва оёқлари билан уриб, унга оғир тан жароҳати етказган. Натижада А.Ш. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб борилиб, унга "Бош мия очиқ жароҳати, бош мия оғир даражали лат ейиши, бош мия эзилиши, чап ён энса суягининг синиши” ташхиси қўйилган. Бу ҳақда Тошкент ИИББ хабар бермоқда.

Ушбу жиноятни содир этганликда 1987 йилда туғилган А.К. гумон қилиниб, уни ушлаш чоралари кўрилган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми “е” банди (безорилик оқибатида, қасддан баданга оғир шикаст етказиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. 

Олинган тан жароҳатлари натижасида, А.Ш. 2017 йил 2 ноябрь куни шифохонада вафот этган. 

Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган тергов-тезкор тадбирлар натижасида, мазкур жиноятни А.К. содир этганлиги тасдиқланиб ушланган. 

А.К.нинг хатти-ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” бандига (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) қайта малакаланиб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланмоқда. 

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.