Dentons’нинг Тошкентдаги офиси бошқарувчи шериги Элдор Маннопов Канаданинг Ўзбекистондаги фахрий консули этиб тайинланди. Бу ҳақда UzDaily хабар бермоқда.

«Мен Канада генерал губернатори буйруғи ва Ўзбекистон ҳукумати розилиги билан жаноб Элдор Маннопов Ўзбекистон Республикасида Канаданинг фахрий консули этиб тайинлангани ҳақида хабар беришдан мамнунман. Кўпчилигингиз жаноб Манноповни таниқли корпоратив юрист сифатида биласиз, ҳозирда у Dentons’нинг Тошкентдаги офисига бошқарувчи шерик сифатида раҳбарлик қилмоқда. Биз Канаданинг Тошкентдаги янги консуллигини жаноб Маннопов раҳбарлигида очганимиздан фахрланамиз», - дея айтиб ўтди Канаданинг Ўзбекистондаги элчиси Жон Кёр. 

Маннопов фахрий консул сифатидаги биринчи расмий вазифалари доирасида Канаданинг Ташқи ишлар, савдо ва ривожланиш вазирлиги Шарқий Европа ҳамда Евроосиё масалалари бўйича Бюроси бош директори Элисон ЛёКлэр бошчилигидаги делегацияси таркибида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан ташкил этилган учрашувда иштирок этди.

Канада делегацияси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси парламенти, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва Ташқи ишлар вазирлигининг вакиллари билан учрашди. Томонлар БМТ ва бошқа ҳукуматлараро ташкилотлар доирасида ўзаро алоқалар, сиёсий, савдо, сармоявий, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ривожланиш истиқболларини муҳокама қилишди. Томонлар ўзаро манфаатли савдо ва инвестицияларни кенгайтириш учун салмоқли салоҳиятни қайд этдилар.

Элдор Маннопов тижорат ва қурилиш ҳуқуқи бўйича етакчи мутахассислардан саналади. Шунингдек, у халқаро савдо, арбитраж, қўшилиш ва сотиб олиш, солиқ ҳуқуқи, суд баҳсларига ҳам ихтисослашган. Элдор Хитой ва Осиёнинг бошқа мамлакатларидан бўлган мижозлар билан ишлаш бўйича катта тажрибага эга. Юридик амалиётдан ташқари, у Тошкентдаги Вестминстер халқаро университетининг юридик факультети катта ўқитувчиси ва илмий раҳбаридир.