5 ноябрь оқшомида Лондонда Англия чемпионати 11-тури доирасида «Челси» ва «Манчестер Юнайтед» ўртасида турнинг муҳим учрашувларидан бири бўлиб ўтди. Учрашув мезбонларнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Ўйин тугагани ҳақида ҳакам ҳуштаги янграгач, мезбон жамоа бош мураббийи Антонио Конте одатга кўра рақиб жамоа бош мураббийи билан қўл ташлашиш ўрнига майдон томон чопди, Жозе Моуриньо эса уни бир муддат кутиб турди ва у келавермагач, ичкарига йўналди.

Антонио Конте бу вазиятга изоҳ бериб ўтди.

«Муҳими ғалаба. «Манчестер Юнайтед» билан ўйнар экансан, бу ҳамиша катта ўйин бўлади. Биз бу жуда жиддий рақиб эканини билардик. Бу жамоа устидан қозонилган ғалаба эса бизга ишонч беради. «Челси» ютқазиши ёки ютиши мумкин, аммо жамоада шундай руҳ бўлиши керак. Ўтган мавсумда ҳар бир ўйинда шундай характер кўрсатиларди. Бу мавсум эса кўплаб муаммолар билан бошланди. Бугунги ўйин эса биз нимани истасак, эриша олишимиз мумкинлигини кўрсатди.

Мората ўзининг кучли экани, бу лигада ўйнаш учун етарли даражада кучли эканини намойиш этди. Альваро яна гол уриши мумкин эди, аммо у урган бир гол жамоага ғалаба келтирди.

Мората – ҳали ёш футболчи. Бундай ўйинлар эса унда ўзига бўлган ишончни орттиради.

Жозе Моуриньога қўл бермаганим эса муҳим вазият эмас. Муҳими бизнинг ғалабамиз. Ҳурматни майдонда кўрсатиш кифоя, майдон ташқарисида эмас», – дея Контенинг сўзларини келтирган Sky Sports.