Хитой ракета-ташувчи ёрдамида орбитага учинчи авлоддаги иккита сунъий йўлдошни чиқарди. Хитой шу тариқа орбитада ўзининг глобал навигацион тизимини жойлаштиришни бошлади, деб хабар бермоқда “Синьхуа” ахборот агентлиги. 

Таъкидланишича, учинчи авлоддаги “Бэйдоу-3” сунъий йўлдошлари орбитага “Чанчжэн-3Б” ракетаси ёрдамида чиқарилган. Ракета парвози Сичуань вилоятининг ғарбида жойлашган Сичан космодромидан амалга оширилган.

“Бэйдоу” лойиҳаси устидаги ишлар 1994 йилда бошланган. 2000 йилда тизим Хитойга, 2012 йилда эса Осиё-Тинч океани минтақасига хизмат кўрсата бошлаган. 

Маълум қилинишича, “Бэйдоу-3” сунъий йўлдошлари юқори сифатдаги сигнални таъминлайди, уларда навигация тизими иши кўрсаткичларини яхшилаш учун дифференциал коррекция имкониятлари кўзда тутилган. Бу сунъий йўлдошлар қидирув-қутқарув операцияларини ўтказишда хизматлар тақдим қилиши мумкин.

Таъкидланишича, Хитой 2018 йил охиригача орбитага яна 18 та шундай сунъий йўлдошни чиқармоқчи.   

Хитой ушбу глобал навигация тизимини орбитада тўлиқ жойлаштиришни 2020 йилгача якунламоқчи. Бу эса Хитойни ГЛОНАСС тизимига эга Россия ва GPS тизимига эга АҚШдан кейин бундай глобал навигация тизимига эга бўлган учинчи давлатга айлантиради.