Алишер Навоий номли миллий кутубхонада озарбойжон шоири Низомий Ганжавий қаламига мансуб "Хамса" асарининг ўзбек тилидаги китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Асар шоир-таржимон Олимжон Бўриев томонидан ўзбек тилига ўгирилган. Китоб Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият марказининг қўллаб-қувватлаши остида Тошкент шаҳридаги "Истиқлол нури" нашри томонидан чоп этилган. Тадбирда таниқли низомийшунос-олимлар, илм-фан ва маданият арбоблари, талабалар ва журналистлар ҳам қатнашишди. 

Тақдимотни очиб берган Миллий кутубхона директори Алишер Абдуазизов Низомий Ганжавий адабий мероси тарғиботининг муҳимлиги, буюк Шарқ мутафаккирининг мероси жаҳон маданияти ва адабиётини бойитгани ҳақида сўз юритди. У Ганжавий асарларининг илк марта ўзбек тилига тўлиқ таржима қилингани ва бу йўналишда Озарбойжон маданият маркази фаолиятини юқори баҳолади. Шу ўринда Ўзбекистонда Низомий Ганжавий хотираси абадий муҳрлангани алоҳида таъкидланди - Тошкент давлат педагогика университети буюк шоир номини олган, 2004 йилда эса Ганжавий бюстининг очилиши бўлиб ўтган.

Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази директори Самир Аббосов ўз нутқида Ганжавийнинг асарлари Ўзбекистонда катта қизиқиш уйғотинишини қайд этди. Шунингдек у буюк шоирнинг асарлари жаҳон адабиёти хазинасидан ўрин олганини алоҳида таъкидлади.

Бундан ташқари, шоир Абдулазиз Мансур, профессор Раҳмон Фармон, ёзувчи Маҳкам Маҳмудов, тарихчи Неъмат Ҳасан, шоир Нурулло Султонлар ҳам тадбирда сўзга чиқиб, Ганжавий ижодининг ўзбек адабиётининг машҳур намоёндаси Алишер Навоий ижодига таъсирига тўхталиб ўтишди.

Фото: Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази

Таржима муаллифи Олимжон Бўриев китобнинг нашрдан чиқишини қўллаб-қувватлаган Озарбойжон томонга миннатдорчилик билдирди ва Ганжавий ўз асарлари билан мамлакат тарихидаги энг ёрқин саҳифаларни яратганини қайд этди. 

Шундан сўнг ёшлар орасида Низомий асарлари бўйича викторина бўлиб ўтди ва ғолибларга совға тариқасида "Хамса" китоби тақдим этилди. 

Тадбир сўнггида Низомий Ганжавий асарлари ҳақидаги ҳужжатли фильм намойиш этилди.