Samsung компанияси маркетологлари “Улғайиш” деб номланган реклама ролигида iPhone смартфонлари ихлосмандларини “мазах қилди”. Роликда нафақат iPhone’нинг илк модели iPhone 2G’дан бошлаб қолган моделларидаги камчиликлар, жумладан кичик ҳажм, чанг ва намликдан ҳимоянинг йўқлиги зарур вақтда панд бериши “мазах қилинган”, балки “lightning” туридаги коннекторга ўтилгани ҳам “эслаб ўтилган”. Шунингдек, яқинда сотувга чиқарилган iPhone X’даги баъзи дизайнерлик ечимларига ҳам танқид кўзи билан қаралган.   

Ролик сўнгида анча йиллардан бери iPhone’ларнинг камчиликларидан “чарчаган” бош қаҳрамон севимли қурилмасини тортмага қўйиб, Samsung смартфонидан фойдаланишга қарор қилади.  

Жанубий Корея компанияси маркетологларининг фикрича, Apple қурилмаларидаги баъзи ноқулайликлар компания мижозлари бир қисмининг Galaxy Note 8 смартфонларидан фойдаланишга ўтишга ундаши мумкин.