Фото:Amer Hilabi / AFP / Scanpix / LETA

5 ноябрь куни Саудия Арабистонида қироллик оиласининг бир неча аъзоси ҳамда ўнлаб собиқ ва амалдаги давлат амалдорлари қўлга олингани ҳақида маълум бўлди. Бу ишларнинг бари куни кеча мамлакатда эълон қилинган коррупцияга қарши кураш доирасида амалга оширилган. Қўлга олинганлардан бири — Саудиянинг энг йирик ишбилармони ва Citigroup ҳаммуассиси, Саудия Арабистонига хос бўлмаган либерал қарашлари билан танилган Ал-Валид бин Талал. Рўй бераётган ҳодисаларнинг энг кўп тарқалган версиясига кўра, Саудия тахти вориси Муҳаммад бин Салмон шу йўл билан ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлайди. "Медуза" нашри Саудия Арабистонида нималар содир бўлаётганига доир мақоласи билан бўлишди.

Нима бўлди?

Якшанбага ўтар кечаси Саудия Арабистони оммавий ахборот воситалари (ОАВ)да 11 шаҳзода ва ўнлаб собиқ ҳамда амалдаги вазирларнинг қўлга олингани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Қўлга олинганларнинг аниқ сони ва исми шарифи номаълум, бироқ саудиялик амалдорлардан бирининг таъкидлашича, уларнинг орасида дунёнинг энг бадавлат кишиларидан бири Ал-Валид бин Талал ҳам бор, уни саҳродаги лагерда қўлга олишган.

Қўлга олинганларни нимада айблашмоқда - охиригача маълум эмас, бироқ афтидан гап коррупция ҳақида кетмоқда. Қўлга олишдан бир неча соат олдин мамлакатда қирол Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд фармони билан Аксилкоррупция қўмитаси тузилган, уни қиролнинг ўғли, шаҳзода Муҳаммад бин Салмон бошқарадиган бўлди. Қиролнинг ўзи миллий телевидениеда чиқиш қилар экан, "қонун жамиятнинг пулига кўз олайтирган ва уни ҳимоя қилмаган, ёки уларни ўғирлаган, ё бўлмаса ўз амали ва таъсирини суистеъмол қилган ҳар бир кишини қоралайди", деб айтган.

The New York Times'да хабар берилишича, Саудия пойтахти Ар-Риёддаги Ritz Carlton меҳмонхонасининг бутун  персонали шанба куни эвакуация қилинган; тахминларга кўра, у ерга қўлга олинган шаҳзодалар ва амалдорлар жойлаштирилиши мумкин. Газета шунингдек пойтахт аппарати хусусий самолётларга ёпиқ бўлганини, мамлакат ҳукумати шу йўл билан бошқа эҳтимолий гумондорларга халақит бермоқчи бўлганини қайд этмоқда.

Бунга параллел равишда Миллий гвардия раҳбари - собиқ қирол Абдуллоҳнинг ўғли Митеб истеъфога чиқарилган. У тахт вориси Муҳаммаднинг таъсир доирасига кирмаган кам сонли саудиялик олий мартабали амалдорлардан бири ҳисобланган.

Ал-Валид бин Талал ким?

Forbes маълумотларига кўра, шаҳзода Ал-Валид Ал-Талалнинг молиявий ҳолати - 19 миллиард доллар атрофида. У дунёнинг энг бадавлат кишилари рўйхатида 45-ўринни эгаллайди. Шаҳзода 62 ёшда, у Саудия Арабистони биринчи қиролининг невараси ҳисобланади. Бин Талал Kingdom Holding Company'га асос солган ва шу кунга қадар уни бошқариб келади.

Шаҳзода Citigroup молиявий корпорациясининг энг йирик акциядори ҳисобланади, шу билан бирга, 21st Century Fox медиакомпаниясининг ҳажмига кўра иккинчи энг катта улуши ҳам унга тегишли. Бин Талал Нью-Йоркдаги Plaza Hotel меҳмонхонасининг назорат пакетини Дональд Трампдан сотиб олган, бироқ 2015 йилда твиттерда Трампни "нафақат Республикачилар партияси, балки бутун Америка учун шармандалик" деб атаб, ишбилармоннинг сиёсий карьерасига танқидий баҳо берган ва унга "ҳеч қачон ғолиб бўла олмайдиган президентлик пойгаси"дан ўз номзодини олишни тавсия қилган. Бунга жавобан Трамп шаҳзода шу йўл билан отасидан қолган пуллар ёрдамида америкалик сиёсатчиларни бошқармоқчи эканини айтган.

Шаҳзода Саудия ўлчамларига кўра либерал қарашлари билан машҳур - хусусан, у давлат миёқсидаги ислоҳотлардан анча аввал аёлларга автомобиль бошқаришга рухсат берилиши кераклигини айтган. У Саудия Арабистонидаги илк аёл учувчининг таълим олишини молиялаштирган ва Саудия ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида аёлларни қўллаб-қувватлашини айтган. Бундан ташқари, шаҳзода ўз бойлигининг аксариятини хайрияга сарфлашга тайёр эканини маълум қилган.

Талал октябрь ойидаёқ криптовалюталар ва Aramco давлат нефть компаниясининг қисман приватизацияси эҳтимоли тўғрисида Ғарб ОАВга интервью берган. The Guardian экспертларидан бирининг фикрича, агар шаҳзода ҳақиқатда қўлга олинган бўлса, бу ҳам Саудия, ҳам халқаро бизнес-ҳамжамиятида шок эффектини келтириб чиқаради.

Шаҳзодани қўлга олган Муҳаммад бин Салмон ким?

Фото: Fayez Nureldine / AFP / Scanpix / LETA

Қирол Салмоннинг 32 ёшли ўғли - Саудия ўлчамларига кўра жуда ёш тахт вориси: сўнгги 40 йилда саудиялик ҳеч бир қирол 60 ёшдан эрта лавозимга киришмаган. Муҳаммад ҳозирги лавозимига жорий йилнинг ёзида эришган - бу унга қирол Салмоннинг 57 ёшли жияни Муҳаммад бин Наифдан ўтган.

Салмоннинг мазкур қарори Саудия ҳукуматини ёшартиришга уриниши билан изоҳланган: Саудия Арабистони аҳолисининг 70 фоизи 30 ёшдан кичик. Нефть нархининг беқарорлиги ва Яқин Шарқдаги умумий сиёсий номувофиқлик шарт-шароитларида ҳукмрон сулоланинг аҳоли эътиборини қозониши муҳим ва бунда янги авлод вакилига урғу берилиши айни муддаодир. Муҳаммадни одатда Саудия ультраконсерватив ўлчамларига кўра  либерал ҳисоблашади. Мудофаа вазирлиги ва Иқтисодий амалиётлар кенгашини бошқарувчи Муҳаммад давлат лавозимларида ишлаб, қатор ислоҳотлар ўтказган. Масалан, Саудия диний полицияси одамларни ҳибсга олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди; бундан ташқари, валиаҳд шаҳзода жамиятга Ғарб маданияти белгиларини тадбиқ этиб борувчи Саудия ҳукумати қошидаги Кўнгилочар ҳордиқ департаментини яратиш ташаббуси билан чиққан.

Муҳаммаднинг яна бир муҳим лойиҳаси — «Нигоҳ-2030», у Саудия Арабистони иқтисодиётини диверсификация қилиш ва уни нефтга қарамликдан халос қилишга доир катта дастур. Унинг асосий белгиларидан бири - энг йирик Aramco нефть корпорациясининг қисман приватизацияси, компаниянинг 5 фоизини 2018 йилги биржада сотувга қўйиш кўзланмоқда - шундан сўнг, Aramco расман дунёнинг энг қиммат компаниясига айланиши мумкин.

Шунга қарамай, Муҳаммад кўплаб саудиялик амалдорлар қатори консерватордир. Хусусан, у мудофаа вазири лавозимида ўзини қўшнилар билан муносабатларда агрессив стратегия тарафдори сифатида намоён этган. Бин Салмон ўз вазифасини Эроннинг таъсир доираси кенгайишига халақит беришда кўради; 2015 йилда Ямандаги қуролли тўқнашувларга Саудиянинг аралашуви айнан шунинг натижасида юзага келган. 2017 йилнинг май ойида Муҳаммад Эрон билан мулоқотни "имконсиз" деб атади.

Буларнинг бари нимани билдиради?

Рўй бераётган воқеаларнинг энг кенг тарқалган изоҳи — Муҳаммад бин Салмоннинг мамлакатдаги бутун ҳукмронликни ўз қўлига олишга уриниши. Шаҳзода бундай мақсадларда озодликни чеклаш чорасини биринчи марта қўллаётгани йўқ. 2017 йил июнидан буён ОАВда аввалги валиаҳд Муҳаммад бин Наиф ўз саройида уй қамоғида эканига доир хабарлар тарқалганди (Саудия Арабистонининг расмий вакиллари буни рад этишмоқда). Бундан ташқари, бошқа тўнғич шаҳзодаларнинг эркинлиги ҳам чеклангани таъкидланмоқда. Сентябрда мусулмон жамиятининг бир неча кўзга кўринган вакилларининг қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.

Шаҳзода Мутеб Миллий гвардия раҳбари лавозимидан кетганидан сўнг Саудия Арабистонидаги мавжуд қуролланган кучларнинг бори мудофаа вазири лавозимидаги валиаҳд шаҳзода назоратига ўтди.