АҚШ президенти Дональд Трамп Техасда юз берган отишмадан сўнг ҳам мамлакатда ўқотар қуролларни сотиш қоидаларини кучайтириш зарур деб ҳисоблаётгани йўқ. Бу ҳақда CNN хабар қилмоқда.

«Бу ерда муаммо руҳий ҳолатда. Гап қурол билан муомала қилиш ҳақида бораётгани йўқ», - дея маълум қилди Трамп қуролларни сотиш қоидаларини ўзгартириш зарурлиги бўйича берилган саволга жавоб қайтариб.

Қўшма Штатлар президентининг аниқлик киритишича, дастлабки маълумотларга қараганда, ҳужум қилган шахс «жуда қизиққон инсон» бўлган.

Аввалроқ мерган томонидан ўлдирилган кишилар орасида ҳомиладор аёл ҳам бўлгани маълум қилинганди. Ҳаммаси бўлиб камида 26 инсон қурбон бўлди. Тахминларга кўра, ҳужум Девин Патрик Келли томонидан амалга оширилди. У ҳодиса юз берган жойдан унча узоқ бўлмаган ерда қолдирилган машинадан ўлик ҳолда топилди.