8 ноябрда Тошкентдаги International Hotel Tashkent меҳмонхонасининг “Амир Темур” залида Ўзбекистон-Жанубий Корея бизнес-форуми ва кооперацион биржаси бўлиб ўтади. Тадбирда Жанубий Кореянинг 24 та компанияси иштирок этади.  

Тадбирдан мақсад кореялик ҳамкорларни Ўзбекистонда бизнес ва қўшма кооперацияни юритиш учун яратилган қулай имкониятлар ва шароитлар билан таништиришдан иборат.

Жанубий Корея делегацияси таркибига қурилиш, озиқ-овқат, савдо мажмуаларини қуриш ва бошқариш, заргарлик буюмлари, тиббиёт ускуналари, газ-баллон қурилмалари, қишлоқ хўжалиги машиналари, пенополистиролдан қоплар ишлаб чиқариш учун хом ашё ишлаб чиқариш, тўқимачилик ва тўқимачилик машиналари, логистика, мева-сабзавот ва музлатилган маҳсулотларни қайта ишлаш, мева шарбатлари ишлаб чиқариш соҳаларида машғул бўлган компаниялар вакиллари кирган.   

Ўзбекистон компаниялари ихтиёрига Жанубий Корея компаниялари қурилмаларини харид қилиш учун ажратилувчи, Кореянинг “Эксимбанк” банкининг Ўзбекистон Миллий банкидаги кредит линиялари ҳақидаги маълумот тақдим этилади.