АҚШ президенти Дональд Трамп Саудия Арабистони Ямандан отилган ракетани уриб тушира олгани Ар-Риёд АҚШдан сотиб оладиган қуролнинг устунлигини кўрсатишини айтди.

4 ноябрда Яман ҳудудидан Саудия Арабистони томон таъсир доираси 750 км ни ташкил қилувчи ракета учирилган. Ушбу зарбани амалга оширишда яманлик исёнчи ҳусийлар гумон қилинмоқда. Саудия Арабистони ҳарбийлари ракетани Ар-Риёд аэропорти яқинида уриб туширишга муваффақ бўлишган. Ҳодиса қурбонлар ва вайронгарчиликларга олиб келмаган. 

“Кеча бизда Саудия Арабистони ҳудудида ракета уриб туширилган ҳолат бўлди. Уларнинг ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими ракетани осмонда бехато нишонга уриб, портлатиб юбора олди. Бизда ажойиб технологиялар мавжуд”, деб айтган Трамп Японияда тадбиркорлар олдидаги нутқида.

“Бундай аниқлик билан бирор бир нарсани тўхтатиш – бу осмонда жуда тез ҳаракатланаётган игнани тўхтатиш кабидир. Биз дунёдаги энг яхши қуролларни яратамиз. Дунёда унга ҳаттоки яқинроқ келадиган қурол мавжуд эмас. Япония бош вазири сиз билан қўшни давлатлардан бирида юз бераётган вазиятни ҳисобга олиб бу қуролдан кўплаб буюртиради”, деб қўшимча қилган Трамп.

Маълум қилинишича, Саудия Арабистони томон Burkan-2H ракетаси учирилган. Ракетани уриб тушириш учун бир нечта MIM-104 Patriot ракеталари учирилган ва натижада у уриб туширилган. Бу орада ҳусийлар уларнинг ракетаси нишонга етиб борганини таъкидламоқдалар.

Яман ҳудудидан Саудия Арабистони томон 10 октябрда ҳам ракета учирилганди. Ўшанда ўрта масофаларга мўлжалланган “Кахир-2” ракетаси Саудия Арабистонининг жанубидаги Жизан вилоятига тушган. 

Саудия Арабистони ракеталар ҳужумига қарши мудофаа соҳасидаги илғор қуроллардан кўп миқдорда харид қилади. Аввалроқ АҚШ давлат департаменти Саудия Арабистонига THAAD РҲҚМ тизимини сотишни маъқуллаганди. Шу билан бирга Саудия Арабистони Россия билан С-400 зенит-ракета тизимларини харид қилиш бўйича келишиб олган. Бироқ бу тизимлар ҳали етказиб берилмаган.