Техаснинг Сазерленд-Спрингс шаҳарчасида 26 кишининг ўлими билан якунланган фожиали ҳодисани АҚШ президенти муқаддас даргоҳдаги ёвузлик акти деб атади.

«Ёвузона ҳужум. Бу вақтда қурбонлар ўз оила аъзолари билан ибодат қилишаётганди. Биз ҳис қилаётган ғам-андуҳни ифодалашга сўз ожиз. Бу фожиа оқибатида яқинларини йўқотган кишиларнинг дарди эса бундан ҳам оғир. Юракларимиз парчаланди», — деган Дональд Трамп Япониядаги чиқиши вақтида.

У Америка халқи бу қора кунларни енгиб ўтишини қўшимча қилган.

«Биз бирлашамиз. Бир-биримизнинг қўлларимиздан тутамиз. Бу йиғилар ва ғамлардан кейин ҳам биз кучли бўлиб қолишимиз керак», — дея қайд этган давлат раҳбари.

Дональд Трамп черковдаги отишмада ҳалок бўлганлар хотирасига мамлакат байроқларини тушириб қўйиш ҳақида фармойиш берди.

Оқ уй ва барча жамоат бинолари, ҳарбий постлар ва денгиз базаларидаги байроқлар 9 ноябрь куни қуёш ботгунига қадар тушириб қўйилади.

5 ноябрь куни Американинг Техас штати Сазерленд-Спрингс шаҳрида қуролланган эркак баптистлар черкови диндорларини ўққа тутди. Ушбу оммавий қотиллик оқибатида 26 киши ҳалок бўлиб, яна 20 га яқин киши яраланди. Қотиллик содир этган шахс машинасидан жонсиз ҳолда топилди.

Черковдаги одамларни ўққа тутган шахс АҚШ фуқароси, 26 ёшли Дэвин Патрик Келли бўлиб, у 2010 йилдан 2014 йилга қадар АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларида хизмат қилган.