Канада бош вазири Жастин Трюдо Google Go North конференциясида сўзлаган нутқида мамлакатга юқори малакали муҳожирларни жалб қилиш жуда муҳимлиги ҳақида гапирди, дея ёзмоқда TechCrunch.

Дональд Трамп АҚШга киришга чекловлар жорий қилаётган бир пайтда, Жастин Трюдо Канадада муҳожирлар учун энг қулай шароитларни яратмоқда. У бу ҳақда Торонто шаҳрида бўлиб ўтган Google Go North конференциясида сўзлаб берди. «Канадага ҳар йиллик иқтисодий ўсишни айнан муҳожирлар таъминлаб беради, айниқса, инновациялар соҳасида. Бошқа мамлакатга кўчиб ўтишга қарор қилганлар, шубҳасиз, жуда ишончли, қўрқмас ва шижоатлидир. Улар ўзлари ва фарзандлари учун янада яхшироқ келажакни қуришга қодир, - дея маълум қилди Трюдо. - Шунинг учун биз жаҳон даражасидаги профессионалларни мамлакатимизга жалб этишга ҳаракат қилмоқдамиз ва уларга муваффақият қозона оладиган шарт-шароитларни яратаяпмиз».

Хусусан, шу йилнинг ёзида Канада ҳукумати юқори малакали мутахассислар учун иш рухсатномаларини ва вақтинчалик яшаш визаларини олишни осонлаштирадиган янги қоидаларни жорий этди. Келгуси икки йил мобайнида улар бу ҳужжатларни атиги икки ҳафта ичида олишлари мумкин, аввал эса бу жараёнга бир йил вақт кетган.

Инновацияларни ривожлантириш Трюдо нутқидаги асосий мавзулардан бири бўлди. Унинг фикрига кўра, сунъий идрокка, робототехника ва квант компьютерларга инвестициялар мамлакатнинг юқори технологиялар дунёсида рақобатбардош бўлиб қолиши учун зарур.

Бундан ташқари, Канада бош вазири ақлли шаҳарларни, хусусан, Sidewalk Labs компаниясининг Quayside лойиҳасини яратиш ҳақида гапирди. Бу Торонто Шарқий қирғоғи бўйлаб жойлашган янги туман бўлади, ҳамда унда бутунлай янгиланган транспорт ва инфратузилма тизими, қулай уй-жой ҳамда шахсий ҳаётни ҳимоя қилиш бўйича қатъий талаблар яратилади. Бундан ташқари, ақлли туманда автоматлаштирилган транспорт ва энг экологик тоза энергия тизимлари бўлади. Google Canada бу ерга ўзининг бош офисини кўчиради, дастлабки резидентга айланади ва туманнинг ривожланишига 50 млн. доллар инвестиция киритади.