Туркияда туризмни ривожлантириш бўйича кўп йиллик тажрибага эга бўлган мутахассис Содиқ Бадак Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси маслаҳатчиси этиб тайинланади, дея хабар қилмоқда қўмита матбуот хизмати. 

Туркия Республикаси Миллий мажлисининг Анталия вилоятидан собиқ депутати номзоди Ўзбекистон Республикаси президентининг 25-26 октябрь кунлари Туркияга ташрифи чоғида турк ҳукумати томонидан таклиф қилинди.

Маслаҳатчининг асосий вазифалари қуйидагилардир:

•  ўзбекистонлик мутахассислар билан Туркияда туризмни ривожлантириш бўйича 30 йиллик тажрибани ўртоқлашиш ва ўрта ҳамда узоқ муддатли истиқболда (5 ва 10 йил) Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш бўйича стратегик режани ишлаб чиқишга кўмаклашиш;

•  мамлакатнинг эҳтимолий сайёҳлик ҳудудларининг инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар учун режа ишлаб чиқилишига кўмаклашиш;

• туризм соҳасидаги Ўзбекистон қонунчилигини такомиллаштириш бўйича таклифларни ва туризмни жадал ривожлантириш учун қўшимча рағбатлантириш чораларини ишлаб чиқиш;

•  туризм хизматлари соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича махсус ўқув қўлланмаларни ишлаб чиқиш, махсус ўқув курсларини яратиш;

•  Ўзбекистон учун эҳтимолий хорижий туризм бозорларини ўрганиш ва туризм брендларини ривожлантириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

•  хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун янги туристик маҳсулотлар ҳамда йўналишлар ишлаб чиқиш;

•  Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ташкилий тузилмасини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.