Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ишчи гуруҳи Туркияда «GAD» компанияси раҳбарияти билан бренд, меъморлик ва дизайн ечимларини ишлаб чиқиш, тоғ туризмининг истиқболли ривожи, Чимён-Чорвоқ тоғ-туристик зонасида муҳандислик ишларининг ўтказилиши ва кенг кўламли сайёҳлик инфратузилмасининг қурилиши масалаларини муҳокама қилишди. Бу ҳақида қўмита матбуот хизматида хабар берилди.

Фото:uzbektourism.uz

Манбага кўра, Туркиянинг «GAD» компанияси дам олиш масканидаги инфратузилмавий лойиҳаларга Туркиядан йирик сармоячиларни жалб қилиш, меҳмонхоналар, маданий-кўнгилочар марказлар, гольф-клублар, аквапарклар ва парклар қурилишида ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирган.

28 октябрь куни «GAD» меъморий-лойиҳавий компаниясининг раҳбари жаноб Авчиўғли ва бир неча йирик турк сармоячиси Ўзбекистонда бўлганди. Туркиялик экспертлар Ўзбекистонга ташрифи давомида "Tashkent-city" лойиҳаси билан танишув доирасида мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашувда қатнашишга муваффақ бўлишганди, шунингдек бош вазир Абдулла Арипов ҳам уларни қабул қилган. 

Хорижий мутахассислар учун Чимён-Чорвоқ туристик зонасига саёҳат ташкиллаштирилган эди.