Маълумки, олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари яқинлашгани сари айрим кимсалар ғимирлаб қолишади. Улар иложи борича мактаб ва коллежларда етарли билим олмаган, лекин ота-онаси бадавлат йигит-қизларни топишга ҳаракат қилишади.

Бундай “ҳожатбарор”лар абитуриентни ўқишга киритишга кафолат беришмайди. Улар учун абитуриентларга ёлғондан қилган репетиторлиги ҳамда имтиҳонга, деб олган мўмай пулдан бошқасининг қизиғи йўқ. Яъни, ўқишга киритиш баҳонасида керакли пулни жамғариб, жуфтакни ростлаб қолишади. Бечора абитуриент эса шундай кейин уларни еру кўкдан ҳам тополмайди.

Бундай “ҳожатбарор”ларнинг хатти-ҳаракатидан баъзи фуқаролар ҳеч бир ғайритабиийлик сезишмайди. Фирибгарлар “фалончи домланинг “ставка”си 6 минг, айтилган пулни берсангиз, болангиз ўқишга сўзсиз киради” ёки “фалончи киши ҳар йили 30 болани ўқишга киритади” қабилидаги гап-сўзлар билан одамларни ўзларига ром қилишади.

“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, Абдурасул Олимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ЎзМУ илмий ходими Зокир Қораев билан учрашиб қолди. Иккиси аввалдан таниш эди. Гап орасида А.Олимов жияни Адибахон ўқишга кирмоқчи бўлаётгани, аммо билими етарли бўлмагани учун уни бу ниятидан қайтарганини айтди.

-  Бекор қилибсиз, келишсак киритиб қўярдик, - деди дабдурустдан Зокир. – Ўзим бу иш билан шуғулланмайман-у, лекин эплайдиган акахонлар бор...

Бироздан кейин Абдурасул жиянини Андижондан чақирадиган, Зокир эса 6000 АҚШ доллари эвазига уни ўқишга киритиб қўядиган бўлди. Гўё шу билан ҳамма иш битгандек эди. Орада икки-уч марта гаплашишди. Сўнгги суҳбатда Зокир, агар тайёр бўлса, келишилган маблағни Талабалар шаҳарчасидаги “Учрашув” кафесига олиб келиб беришни сўради.

...Абдурасул кафега кириб келганида, Зокир четдаги столлардан бирида ўтирарди. Салом-аликдан сўнг асосий ишга ўтилди.

-  Мана, олти минг, - деди Абдурасул.

Зокир ўралган қоғозни олиб сумкасига солди.

-  Санаб олинг, кейин тушунмовчилик бўлиб юрмасин, - деди Абдурасул.

Зокир стол тагига эгилиб, пулни санаб чиқди-да сумкасига жойлади. Сўнг ўрнидан туриб, ташқарига йўл олди. Уни эшик олдида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари кутиб олишди. 

“Учрашув” кафесидаги сўнгги учрашув шундай якун топди. Кейин тергов-суриштирув ишлари олиб борилди. Маълум бўлишича, Зокирнинг ҳеч қандай “акахон”и йўқ. У Адибахон ўқишга ўз билими билан кириб кетса, шу маблағни ўзлаштирмоқчи бўлган экан.

Ушбу жиноий ҳаракатни кўриб чиққан Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман суди З.Қораевга нисбатан тегишли жазо тайинлади.