Ўзбекистонда бюджетдан ташқари нодавлат нотариуснинг ўзини-ўзи молиялашга асосланган фаол моделига босқичма-босқич ўтиш режалаштирилмоқда. 2018 йил 1 январдан давлат нотариал идораларини нодавлат муассасаларига айлантириш бошланади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва муҳокама учун қўйилган президент фармони лойиҳасида айтилади.

Мамлакатда нотариус институтини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари орасида нотариус фаолиятини лицензиялашнинг самарали, ошкора тизимини шакллантириш ва нотариусларни даврий аттестациядан ўтказиш тартибини жорий этиш бор. Бу нотариусларни ҳалол ва малакали мутахассислар билан тўлдириш ҳамда юқори даражада хизматлар кўрсатишни таъминлашга қаратилган.

Ўзбекистон Нотариал палатасини таъсис этиш кўзда тутилган, у барча нотариусларнинг мажбурий аъзолигига асосланади. Нодавлат палата нотариусларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради ва уларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини, шу жумладан давлат органлари ва бошқаруви билан муносабатларда, шунингдек, судда ҳимоя қилади.

Нотариусларнинг нотариал хизматларни ўз вақтида ва сифатли кўрсатиш бўйича манфаатдорлигини таъминлайдиган, нотариал идораларни молиялаштириш учун адолатли шарт-шароитлар, шунингдек, нотариусларнинг ўз-ўзини таъминлаши учун шароитлар яратиш режалаштирилган.

Фармон лойиҳасида 2018 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кўчмас мулк билан тузилган битимларни нотариал тасдиқлашда электр энергияси, табиий газ, иссиқлик таъминоти, сув таъминоти хизматлари бўйича қарздорлик йўқлиги ҳақида қоғоз кўринишида берилган маълумотнома тақдим этиш талабини бекор қилиш таклиф қилинмоқда. Зарур маълумотлар алмашинуви фақат идоралараро электрон алоқадан фойдаланган ҳолда ёки коммунал хизматлар бўйича қарзларни қоплаш учун сотиб олувчи томоннинг ёзма розилигини олиш йўли билан амалга оширилади.