7 ноябрда Австралиянинг Сидней шаҳри яқинидаги шаҳарчадаги Banksia Road бошланғич мактаби биносига машина бориб урилиши оқибатида бино ичида бўлган 22 ўқувчи жароҳат олди. Бу ҳақда ABC телерадиокомпанияси маълум қилди.

Воқеа жойига 8 та полиция машинаси ва тиббий ёрдам вертолёти юборилган.

Маълумотларга кўра, 5 бола шифохонага олиб кетилган, улардан 2 нафарининг аҳволи оғир ва улар жонлантириш бўлимига ётқазилганлар. Қолган ўқувчиларга воқеа жойида ёрдам кўрсатилган.

Маълум қилинишича, маҳаллий вақт билан соат 9:45 да автомобиль ҳайдовчиси йўлнинг қатнов қисмидан бурилиб, бинога бориб урилган. Бу вақт бинода машғулотлар ўтаётган бўлган.

“Машинани бошқараётган аёл қон ва сийдик таҳлилини олиш учун шифохонага етказилди”, деб айтган маҳаллий полиция вакили.

Воқеа тафсилотлари ўрнатилмоқда.