2017 йил 30 октябрдан 31 октябр кунига қадар вақт оралиғида номаълум шахс, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, Чилонзор тумани ҳудудида фуқаро Д.Т.нинг хонадони эшиги қулфини калит танлаш йўли билан очган ҳолда ғайриқонуний равишда кириб, унга тегишли бўлган 4.400 АҚШ доллари ва 620.000 сўм миқдоридаги пулларини ўғирлаган. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабар бермоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан, Чилонзор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “г” банди (ўғирлик, яъни уй-жойга ғайриқонуний равишда кириб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. 

Ички ишлар идоралари ходимлари томонидан ўтказилган тергов-тезкор тадбирлар натижасида, мазкур жиноятни З.С. ва Р.И. содир этганликлари аниқланган. 

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорликлари текширилмоқда.