АҚШ президенти Дональд Трамп сешанба куни Корея Республикасига давлат ташрифи билан келди. Бортида Америка етакчиси бўлган самолёт Сеулдан 60 км. узоқликдаги АҚШнинг Осан ҳарбий-ҳаво базасига қўнди.

Трамп етиб келганидан сўнг вертолётга ўтириб, АҚШнинг Пхёнтхэк шаҳридаги янги ҳарбий базаси - Кэмп Ҳамфризга жўнаб кетди. У базадан чиқиб Сеулга боради ва президент Мун Чжэ Ин билан учрашади. Кутилишича, ташрифнинг асосий мавзуси КХДР ракета-ядро муаммоси, шунингдек, АҚШ ҳамда Корея Республикаси ўртасида эркин савдо бўйича келишув масаласи бўлади.

Кун америкалик меҳмон шарафига қабул ва KBS телекомпанияси оркестрининг концерти билан тугайди. Жанубий Корея ОАВ маълумотларига кўра, қабулда ҳар икки тарафдан тахминан 120 киши иштирок этади.

Шунингдек, Трамп чоршанба куни АҚШнинг Сеулдаги элчихонаси ходимлари билан учрашади, Жанубий Корея Миллий мажлисида чиқиш қилади. У Хитойга жўнаб кетишидан аввал Сеул давлат қабристонига ҳам бориб, ҳалок бўлган аскарлар хотирасига ҳурмат бажо келтиради. 

Фото: Reuters

Сўнгги бор Оқ уй раҳбари бу давлатга чорак аср муқаддам давлат ташрифи билан келган. Ўшандан бери Америка етакчилари республикага фақатгина амалий сафарлар уюштиришган.

Трампнинг Жанубий Кореяга сафари унинг Осиё-Тинч океани минтақаси бўйлаб турнесининг бир қисмидир. Оқ уйнинг билдиришича, 14 ноябрь куни якунига етадиган сафарнинг бош мақсади – Пхеньянга ядровий қурол бўйича ҳаракатларини тўхтатиши учун дипломатик ҳамда иқтисодий босимни кучайтириш ҳақида келишиб олиш. Бошқа устувор вазифа – минтақада АҚШ иқтисодий манфаатларини илгари суриш ҳамда Хитой билан ўртадаги савдо муаммоларини бартараф қилиш.

Қайд этилишича, Америка президенти борадиган барча давлатларга алоқадор муҳим мавзу – бу иқтисодиёт. Трамп Жанубий Корея билан беш йил аввалги эркин савдо тўғрисидаги келишувни тезроқ қайта кўриб чиқишни хоҳламоқда, сабаби америкаликларда 2011 йилдан бери товар дефицити деярли икки баробарга ўсди.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, Трампнинг Жанубий Кореяга сафаридан беш кун олдин иккита B-1B стратегик бомбардимончиси ушбу давлатга олиб келинди. Бу КХДРга огоҳлантириш сифатида қилинган. Бундан ташқари, АҚШнинг бирданига учта атом авиаташувчиси - "Рональд Рейган", "Теодор Рузвельт" ҳамда "Нимиц" Корея ярим ороли яқинидаги сувларда қолмоқда.