Эрон миллий газ компанияси раҳбари Ҳамид Риза Араки Туркманистон билан газ можаросини судсиз ҳал қилишни маъқул кўрмоқда, дея хабар берди Financial tribune маҳаллий нашри.

«Газ масаласида музокаралар давом этмоқда. Биз бу муаммони мулоқот орқали ҳал қилмоқчимиз», - дея маълум қилди Араки. 

«Эронда Туркманистонга қарши даъво аризаси учун ҳали вақт бор, аммо менинг фикримча, музокараларда исталган масалани ҳал қилиш мумкин», - дея қўшимча қилиб ўтди Араки. 

Туркмангаз ва Эрон миллий газ компанияси ўртасидаги можаро Туркманистон Эронга 1,8-2 млрд. доллар ҳажмидаги қарздорликни қоплаш ҳақида талаб қўйганидан сўнг юз берди. Қарздорлик 2007-2008 йилларда пайдо бўлган бўлиб, ўшанда Эрон қаттиқ совуқ туфайли Туркманистондан харид қилинаётган газ миқдорини оширишга мажбур бўлди.

Бироқ, туркман томони газ ҳажми учун нархни бир неча баробарга ошириб, шартномада кўрсатилгандан юқори нарх қўйди. 

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний маъмуриятининг иддао қилишича, етказиб берилган газга кейинги уч йил давомида тўлиқ ҳақ тўлаб берган. Аввалги қарзлар эса бошқа ҳукумат даврида пайдо бўлган ҳамда уларнинг миқдорини, маъмурият фикрича, туркман томони билан яна бир карра муҳокама қилиш зарур.

Эслатиб ўтамиз, Эрон мамлакат жанубида йирик табиий газ конларига эга, бироқ 1997 йилдан бошлаб ўзининг шимолий вилоятлари учун Туркманистондан газ импорт қилиб келган.