Европа коинот агентлиги Хитойга тегишли Tiangong-1 коинот станциясининг атмосферада ёниб кетмаган бўлаклари Европа Иттифоқи ҳудудига қулаши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Шу туфайли агентлик коинот станциясининг тушиши ортидан кузатув олиб бормоқчи.

“Станция орбитасининг геометрияси сабабли унинг бирор бўлаклари шимолий кенгликнинг 43 градусидан шимолроқда ёки жанубий кенгликнинг 43 градусидан жануброқдаги ҳудудларга қулашини истисно қилишимиз мумкин”, деб айтган агентликнинг коинот чиқиндиларини мониторинг қилиш бўлими бошлиғи Хольгер Краг.

Шимолий кенгликдан жануброқда эса Европанинг  Испания, Португалия, Италия, Болгария ва Греция каби давлатлари жойлашган. “Бу эса кема бу кенгликлардаги ҳудудлар, мисол учун, Европанинг бир нечта давлатлари ҳудудига қулаши мумкинлигини англатади”, деб ҳисобламоқда олим. 

Таъкидланишича, станциянинг баъзи бўлаклари Ер сиртигача етиб келиши эҳтимоли мавжуд. 

Tiangong-1 станцияси 12 метр узунликка, 3,3 метр диаметрга эга бўлиб, қурилманинг парвоз вақтидаги оғирлиги 8506 кг ни ташкил қилган. 2011 йил сентябрида орбитага олиб чиқилган. ЕКА маълумотларига кўра, Хитой станция билан 2016 йилда алоқани йўқотган. Айни вақтда у 300 км  баландликдаги орбитада ҳаракатланмоқда. Қурилма 2018 йил январидан мартигача пастлай бошлайди, мартда эса атмосферанинг зич қатламларига киради.