Жанубий Корея АҚШ билан атом сув ости кемалари ва энг замонавий жосуслик воситаларини харид қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда, дея хабар қилди Корея Республикасининг Рёнхап агентлиги президент Мун Чжэ Ин маъмуриятидаги юқори мансабли манбага таянган ҳолда.

Бундан аввал Мун Чжэ Ин ва Қўшма Штатлар президенти Дональд Трамп Сеулда Жанубий Корея томонидан энг замонавий стратегик воситаларни харид қилиш ҳамда ишлаб чиқиш ҳақида келишиб олганди. Маъмуриятдаги манбанинг агентликка маълум қилишича, бу "қисман атом сув ости кемалари билан боғлиқ, шунингдек, юқори технологияли жосуслик воситаларини ҳам қамраб олади".

Пхеньяннинг ҳарбий тайёргарликлари АҚШга Токио ҳамда Сеулга КХДР томонидан таҳдид фонида энг замонавий қурол-яроғлар сотиш учун яхши имконият бермоқда. Куни кеча Трамп Токиода Япония Американинг тегишли қуролларини харид қилса, Шимолий Корея баллистик ракеталарини уриб тушириши мумкин экани ҳақида маълум қилди. Япония бош вазири Синдзо Абэ эса АҚШдан йирик партиядаги қурол харид қилиш режалари борлигини хабар берди.