Россияда норозилик акциялари сонининг ўсиши сайловолди даври билан боғлиқ. Бу ҳақда РФ президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди, деб хабар бермоқда РИА «Новости».

Аввалроқ Россиядаги иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар Маркази экспертлари мамлакатда жорий йилнинг учинчи чорагида кузатилган, норозилик акциялари сони ўсиши қайд этилган ҳисоботни тақдим этишди.

«Мен, афсуски, бу ҳисобот, маълумот билан яқиндан танишиб чиқмадим. Умуман олганда, албатта, гап сайловлардан аввалги йил ҳақида кетмоқда. Яхши биласизки, мамлакатимизда беш ойдан сўнг президентлик сайловлари бўлиб ўтади, жаҳондаги исталган давлатда ижтимоий фаоллик ошиб бормоқда», - дея айтиб ўтди Песков.

Унинг таъкидлашича, айни дамда Путинни қўллаб-қувватловчи тадбирлар сони ҳам кўпаймоқда, ҳамда у ёки бу ҳодисага оғриқли муносабатда бўлаётган фуқаролардан мурожаатлар сони ошган.

«Бу табиий фаоллашув, у ҳар гал сайловолди даврида юз беради», - дея қўшимча қилиб ўтди Песков.

Иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар Маркази ҳисоботида таъкидланишича, Россияда биринчи чоракда 284 та норозилик акцияси қайд қилинган бўлса, иккинчи чоракда – 378, учинчисида эса – 445 та.