Россия терма жамоаси 2018 йилги қишки Олимпиадага қўйилиши мумкин, бироқ Пхенчханда ўтадиган ўйинлар очилишида у иштирок этмаслиги ва Россия мадҳияси ижро этилиши тақиқланиши мумкин.

New York Times нашрининг ўз манбаларига иқтибос келтирган ҳолда маълум қилишича, россияликларнинг Олимпиадада бундай вариантда иштирок этиши эҳтимоли Халқаро Олимпия қўмитаси томондан муҳокама қилинмоқда.   

Бу масала бўйича якуний қарор ХОҚнинг декабрь бошида ўтадиган ижроия қўмитасида қабул қилиниши мумкин. 

Аввалроқ Россия терма жамоасига нейтрал байроқ остида иштирок этиш таклиф қилинганди. Бироқ Россия Олимпия қўмитаси раҳбари Александр Жуков агар Россия терма жамоаси ўйинлардан четлатилса, нейтрал байроқ остида иштирок этмаслигини айтган.

Россия президенти Владимир Путин эса мамлакатнинг ўйинларда иштирок этиши тақиқланиши ва нейтрал байроқ остида иштирок этиши “мамлакат учун иснод” бўлишини айтганди.