Мадриднинг «Реал» клуби бразилиялик ҳужумчи Неймарни сотиб олиш фикридан қайтмаяпти, дея хабар бермоқда Mundo Deportivo. 

Мадридликлар клуби президенти Флорентино Перес 2013 йилдаёқ футболчини ўз сафида кўришни истаган, бироқ ўша вақтда Сандро Россел президентлигидаги «Барселона» илдамроқ чиққанди. 

Манба берган хабарга кўра, Парижда бир қатор манбалар Перес Неймарнинг отаси билан учрашиб трансфер масаласини гаплашиб олганини маълум қилган. Бундан ташқари, клуб футболчига агент Вагнер Рибейро ёрдамида ҳам чиқишни кўзламоқда.

«Реал»дагилар Неймар 2021 йилда, Криштиану Роналдунинг шартномаси ниҳоясига етадиган вақтда ёки ундан олдинроқ жамоада бўлишини истамоқда.

Шу билан бирга, ёзда 222 миллион евро эвазига футболчини сотиб олган «ПСЖ» уни сотишни истамаяпти. Бразилиялик ҳужумчининг «ПСЖ» билан амалдаги шартномаси 2022 йилга қадар мўлжалланган.