АҚШ олий суди 6 ноябрда Samsung корпорациясининг Apple компанияси билан патент баҳси бўйича аввалги суд инстанцияси томондан қабул қилинган қарор юзасидан топширган шикоят аризасини қаноатлантиришни рад этди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар берди. 

2016 йилда АҚШ федерал суди Samsung патент ҳуқуқини бузгани учун Apple’га 120 млн доллар тўлаб бериши кераклиги ҳақида ҳукм чиқарганди. Патент ҳуқуқи бузилиши экранни блокдан чиқариш технологияси ва автоалмаштириш билан боғлиқ бўлган. 

Аввалроқ суд Samsung’ни ушбу ишда айбдор деб  топиб, Apple’нинг бир нечта патенти бузилиши билан яратилган 11 та смартфон моделидан тушган умумий даромадга тенг миқдордаги жаримани тўлашга мажбур қилиб қўйганди. Ўшанда компенсация суммаси 1 млрд доллардан сал кўпроқни ташкил қилган, бироқ Samsung кўплаб суд жараёнлари орқали бу суммани камайтиришга муваффақ бўлган.

2011 апрелидан компаниялар судга бир-бирига қарши ўндан кўпроқ даъво аризаси топширган. Samsung’нинг телефонлари савдосини тўхтамоқчи бўлаётган Apple ҳозирча мақсадига ета олмаяпти.